Халқаро экомарафон ўтказилди


Қорақалпоғистон Республикасидаги ноёб табиий маскан – Борсакелмас ҳудудида “Сайёрамиз келажагига қўшган ҳиссамиз” халқаро экомарафони бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан “ProRun” югуриш мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Марафонда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Кения, Того, Судан, Иордания, Испания, Канада, Дания, Беларусь, Россия каби 11 та давлатдан 250 нафар профессионал ва ҳаваскор югурувчи иштирок этди. Улар орасида “Nike” компаниясининг мусулмон аёллар ўртасида югуришни тарғиб қилувчи элчиси Фараҳ Мажид ва “Adidas” вакили ­ани Сулаймон бор. Иштирокчиларнинг турли давлатлардан эканлиги тадбирнинг халқаро мақоми тобора ­оммалашиб бораётганини кўрсатди.

Иштирокчилар хавфсизлиги ва қулайликни таъминлаш мақсадида марафонни ташкил этишга 200 нафар киши жалб этилди. Дастурдан маданий тадбирлар, этно-шоу, Борсакелмас шўрхок ҳудудига саёҳат, 42 км ва 21 км.лик ярим марафон ва 5 ҳамда 10 км масофага югуриш ўрин олди.

Таъкидлаш жоизки, Борсакелмас марафони нафақат спорт тадбирига, балки инсон ва табиат уйғунлигидаги ҳақиқий байрамга айланди. У спорт атрофимиздаги ҳайратланарли оламни кашф этиш ва уни асраб-авайлашга ҳисса қўшиш воситаси бўлиши мумкинлигини ҳам исботлади. Ушбу марафон югурувчилар, экотурист­лар ва атроф-муҳитга ғамхўрлик қилаётганларни сайёрамиздаги ноёб жойларни сақлаш учун ягона ҳаракатга бирлаштирди.

 

Қ.Х.А.