Пенсионерларда тажриба бор ёшларда эса, инновацион фикрлаш


Биламизки, Президентимиз томонидан юртимиздаги турли соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчасида халқимизга фаровон турмуш шароитларини яратиш, барча соҳаларда самарадорликни оширишга муҳим аҳамият қаратилганлигини кўришимиз мумкин.

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши биз каби ишлаётган пенсионерларга янги йил совғаси бўлди.

Мазкур фармонга кўра пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш, пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, мазкур йўналишда халқаро тамойил ва стандарт­ларни жорий этиш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгилаб қўйилди. Эътиборлиси янги 2019 йилнинг илк кунидан пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали тажрибали мутахассислар меҳнатидан самарали фойдаланиш имкони янада оширилмоқда.

Мен ҳам 35 йиллик меҳнат стажига эгаман. Ёшлигимдан химия фанига жуда қизиққанман ва дастлабки меҳнат фаолиятимни Кегайли туманининг Халқобод шаҳарчасидаги лабораторияда  бошлаган эдим.  Кейинчалик Қорақалпоқ давлат университетида химия-биология ихтисослиги бўйича таҳсил олдим ва 1991 йилда ўқишни тамомлаб, ушбу мактабга ишга келдим. Мана 28 йилдирки мактабимиз ўқувчиларига химия-биология фанларидан дарс бериб келмоқдаман. Шу йиллар давомида кўплаб ўқувчиларим айнан химия-биология фанларини чуқур ўзлаштиргани сабабли олий ўқув юртларига ўқишга кириб, ҳозирда турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Улар орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор. Масалан, собиқ ўқувчиларимдан Венера Абдуқадирова Давлат санитария – эпидемиология назорати марказида врач бўлса, қизим Перида Хадиқова тиббиёт ­институтини тамомлаб, ҳозирда педиатрия йўналиши бўйича ординатурада таҳсил олмоқда. Албатта, устозга шогирдларининг бу каби ютуқларини кўриш фахр бағишлайди.

Президентмизнинг юқорида келтирилган фармони биз каби пенсия ёшидаги ишловчиларга алоҳида рағбат бўлди. Шу билан бирга ишимизга бўлган масъулиятимизни, шижоатимизни янада оширди. Ўйлайманки, барча соҳаларда ишловчи пенсионерлар ушбу рағбатдан янада руҳланиб, тажрибали мутахассислар сифатида ўзларининг бор билим ва салоҳиятини  юртимизни янада ривожлантиришга сафарбар қиладилар.

Зеро, пенсионерларда тажриба бор, ёшларда эса, инновацион фикрлаш. Улардан уйғун ҳолда фойдаланиш  эса шубҳасиз юрт тараққиётига хизмат   қилади.

Гулистон Авезова,

Нукус шаҳридаги 27-мактабнинг ўқитувчиси.