МЎЙНОҚЛИКЛАР ҲАЁТИДА эзгу ишлар акс этмоқда


Президентимизнинг  2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта қизиқиш ва эътибор билан тингладик. Мурожаатномада барча соҳалар бўйича чуқур таҳлил ва қимматли фикр-мулоҳазалар асосида сўз юритилди.

Айниқса, Президентимизнинг Орол ҳақида, Мўйноқ тумани ҳақида, бу ерда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталгани шу юрт фарзанди сифатида мени тўлқинлантириб юборди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, чиндан ҳам, ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Орол­қум саҳроси пайдо бўлди. Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу, Орол ҳалокати глобал муаммога айланганини билдиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг тузилгани барча юртдошларимизни чексиз қувонтирди.

Шу кунларда Президентимиз топшириғига кўра денгизнинг сувсиз ҳудудида 500 минг гектар майдонда ўрмонзор барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмага эга бўлган замонавий шаҳарча бунёд этишга киришилмоқда.

Ушбу хайрли ишлар бошланганини мўйноқликлар ўз ҳаётларида кўриб туришибди. Хусусан, янги йил арафасида мутасадди раҳбарлар Тошкент-Мўйноқ йўналишида қарийб 20 йилдан ортиқ муддатда амалга оширилмаган йўналиш бўйича ҳаво кемасида парвозни амалга ошириб, Мўйноқ тумани аэропортига келиб қўнишди. Мазкур ташриф давомида туманда  барпо этилиши режалаштирилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” шаҳарчасига, шунингдек “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонасининг балиқни қайта ишлаш консерва заводи, “Fumei Grоup” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасининг қамишдан ДСП ишлаб чиқариладиган корхонасига тамал тоши қўйилди.

Сўнгра мутасаддилар аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган, туман марказидан “Қозоқдарё” ОФЙга олиб борадиган йўлни таъмирлаш, Орол денгизининг қуриган ҳудудида “яшил қоплама” барпо этиш ишлари билан танишди.

Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ходимлари томонидан уй шароитида таҳсил олаётган 22 нафар ўқувчи ҳолидан хабар олиниб, уларга янги компьютер, принтер, парта, доска каби зарур ўқув жиҳозлари туҳфа қилинди.

Президентимиз томонидан 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди. Демак, юртдошларимизнинг фаровонлигини таъминлаш йўлидаги хайрли ишлар давом этади.

Албатта, буларнинг бари порлоқ истиқболимиздан даракдир.

Жангабой ЖУСИПОВ,

Мўйноқ тумани “Нуроний”

жамғармаси раиси.