Президентимиз томонидан 2019 йилга Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб ном берилгани, ўйлайманки, кўплаб хайрли ишларга йўл очиб беради. Зеро, давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган янги йил табригида “Фаол инвестциялар тараққиёт учун чексиз имониятлар эшигини очади. Ижтимоий ривожланиш эса халқимиз турмуш даражаси ва сифатини кескин оширишга хизмат қилади” дея бежиз таъкидланмаган.
Сирасини айтганда, кейинги йилларда ана шу икки жиҳатга, яъни тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали юртимизга инвестицияларни кўпроқ жалб этиш ҳамда одамларни ижтимоий муҳофаза қилишга юксак даражада эътибор қаратиб келинмоқда.
Бундай ғамхўрликдан руҳланиб, бундан бир неча йил муқаддам Оролбўйининг энг чекка ҳудуди, яъни Қўнғирот туманининг олис “Жаслиқ” шаҳарчасида ўзига хос корхона фаолиятини йўлга қўйган эдик. Гап шундаки, натрий сульфат ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ушбу “Устюрт содюм сульфат” масъулияти чекланган жамияти Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Лойиҳа рўёбига киришар эканмиз, “Турон банк”нинг 670 минг АҚШ долларилик молиявий кўмаги билан хориждан замонавий технология келтирдик. Бу билан меробилит хом ашёсини қайта ишлаб, ундан йилига 15 минг тонна, бошқача айтганда қарийб 20 миллиард сўмлик натрий сульфат олиш имконияти юзага келди.
Айтиш жоизки, натрий сульфат қурилиш соҳасида, енгил саноатда, кир ювиш кукуни, ойна ишлаб чиқаришда, қўйингки кўплаб соҳаларда хом ашё сифатида кенг қўлланилади. Шу сабабли, корхонамиз маҳсулотига талаб катта. Муҳими, масъулияти чекланган жамиятида 70 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди.
Ўйлайманки, жорий йилда хориж сармояларини жалб этган ҳолда истиқболли корхоналар фаолиятини йўлга қўядиган тадбиркорлар сони янада кўпаяди. Бу, албатта пировардида одамларнинг фаровонлигига хизмат қилади.
Баҳодир ХАЛИҚНАЗАРОВ,
Қўнғирот туманидаги “Устюрт содюм сульфат” масъулияти чекланган жамияти раиси.