Йил якунланиб, янги йил кириб келишида барчамиз, ўтган умримизга бир назар ташлаб, эришган ютуқ ва муваффақиятларимизни сарҳисоб қиламиз. Юртимизда ўтган “Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш йили” да барча соҳаларда мисли кўрилмаган янгиланишлар, ривожланишлар рўй берди. Жумладан, тиббиёт соҳасига оид бир қатор Президент қарорлари қабул қилиниб, бу бўйича самарали ишлар амалга оширилди.
Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Қарорга асосланиб, давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг меҳнат ҳақи 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши белгилаб берилиши соҳа ходимларини рағбатлантиришга қаратилган ишларнинг бир кўриниши бўлди.
Юртимизда тиббиёт соҳаси ривожига ва ходимлар фаолиятини рағбатлантиришга катта аҳамият қаратилаётгани айни дамда менинг ҳам озгина меҳнатларим баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси мукофоти билан тақдирланишим, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бўйича “Энг яхши шифокор” номинациясининг стоматология соҳаси бўйича 1-ўрин соҳиби бўлишим касбимга бўлган шижоат ва масъулиятимни янада оширди.
Давлатимиз томонидан менга билдирилган бу ишонч фаолиятим давомида изланишлар олиб боришимга ва соҳа ривожига ўз ҳиссамни қўшишга, шунингдек, билим ва кўникмаларимни шогирдларимга ўргатишда янада куч-ғайрат бағишламоқда.
Мен меҳнат фаолиятимни Кегайли туманида ишчи бўлиб ишлашдан бошлаганман. Сўнг Тошкент давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, тиббиёт соҳасидаги фаолиятимни олиб борганман. Ҳозирда ушбу соҳада 38 йиллик иш стажига эгаман. Бугунги кунда шогирдларимга тажрибаларимни ўргатишга, маслаҳатларимни беришга ҳаракат қилмоқдаман.
Бу муваффақиятларни қўлга киритишимда, бутун жамоамизнинг, Республика болалар стоматология поликлиникасининг катта ҳиссаси бор.
Одатда йил бошида олдимизга янги режалар, янги мақсадлар қўямиз. Ҳар бирингизга 2019 йилда мақсад ва ниятларингизга етишиш насиб этишини тилаймиз. Зеро, мақсад аниқ бўлса, муваффақиятлар калити ўз қўлингизда деганидир.
Убайда Узақбергенова,
Республика болалар стоматология поликлиникаси бош шифокори.