Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонзорлар барпо этишда иштирок этаётган ишчилар орасида янги йилга бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги йил билан табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан экологик оғир шароитда яшаётган республикамиз, шунингдек, Мўйноқ тумани аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш, денгизнинг қуриши билан юзага келган экологик аҳволни юмшатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида бутун жаҳон давлатларининг эътиборини Орол муаммосига қаратиши, 2018 йил 27 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мажлисида Траст фонди ташкил этилиши халқимиз ҳаётидаги тарихий янгиликлардан бири бўлди.
Президентимизнинг 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида Орол бўйини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, халқимизнинг бахтли янада фаровон турмушини таъминлашга қаратилган лойиҳалар билан бир қаторда 2019-2021 йиларда Орол денгизининг сувсиз ҳудудида 500 минг гектар майдонга чўлга чидамли ўсимликларни экиш, шунингдек, яшил ўрмонзорлар барпо этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Мана бугун ушбу хайрли тадбирда республикамиздан, шунингдек, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 1100 нафар ишчи, 500 дан ортиқ техникалар жалб этилмоқда. Уларнинг кучи билан ўтган қисқа фурсат ичида 32 минг гектар майдон экишга тайёрланган бўлса, шундан 18 минг гектарига саксавул уруғи екилиб, 143 гектарида ўрмонзорлар барпо этилди. Орол денгизининг қуриб бориши оқибатида юзага келган экологик вазиятни юмшатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, денгиз сатҳидан тузли чанглар кўтарилишининг олдини олиш мақсадида чўлга чидамли ўсимликлар экиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг халқимизга йўллаган Мурожаати қўллаб-қувватланмоқда.
— Ушбу экологик муаммони бартараф этишга ҳисса қўшиш юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчига айланмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раисининг ўринбосари олибжон Қурбонов. — Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Орол муаммосига, ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ишда Қорақалпоғистон Республикаси билан бир қаторда барча вилоятлардан келган ўрмон хўжалиги ходимлари фаол иштирок этмоқда. Уларга зарур шароитлар яратилиб берилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат усталари ижросидаги концерт дастури ҳавола этилиб, байрам дастурхони ёйилди. Қишнинг аёзли кунлари бўлишига қарамасдан Оролнинг сувсиз қолган ҳудудида мардонавор меҳнат қилаётган ишчи ва механизаторларга пул мукофотлари ва совғалар топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги
мухбири.