Шу йил 15 январь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус горнизонида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари ихтисослаштирилган ўқув амалий курсларининг дастлабки дарслари бошланди.
Тадбирни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондони Ф.Ортиқов бошқариб борди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов маъруза қилиб, йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни ва ихтисослаштирилган ўқув амалий курслари бошланиши билан қутлади.
Таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт ичида Президентимиз раҳбарлигида Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий округлардаги таркибий ўзгаришлар, бошқарув тизимидаги янгиланишлар мамлакатимиз мудофаа қудратини оширишда муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.
Президентимиз 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида аскарлар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Шу билан бирга Нукус шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз шаҳар” Концепциясини амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чоратадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида ташкил этилган ўқув-амалий курсларнинг асосий мақсади хизматчиларнинг маънавий ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини янада ошириш, тинчликни сақлаш борасида Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия хизматчилари орасида яқин ҳамкорликни таъминлаш, халқимизнинг тинч-тотув турмушини таъминлашда шахсий масъулиятни шакллантиришдир.
Очилиш тантанасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.Хотамов сўзга чиқиб, ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари тингловчилари учун яратилган шароитларга тўхталди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши фармойиши билан идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, ҳарбий қисмда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўқув-амалий курслари ишини ташкил этиш учун зарур бўлган ижтимоий-ҳаётий шароитлар ҳамда ўқув-моддий база яратилди.
Ташкил этилаётган курсларда ўқув-тарбия жараёни икки ҳафталик дастур асосида амалга оширилиб, машғулотлар инновацион педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, жумладан, масофадан ўқитишни ташкил этиш орқали Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардиянинг тажрибали раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бошқармаси матбуот гуруҳи катта инспектори А.Хожаназаров, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейи ўқувчиси Д.Татенов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдиришди.
Бино олдида тортилган тасма кесилиб, иштирокчилар ўқув-амалий курслари тингловчилари учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шу куни ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим йўналишлари ва мазмуни” мавзусида дастлабки дарс бошланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.Абибуллаев
Қорақалпоғистон хабар
агентлиги шарҳловчиси.