Барчамизга маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2018-2019 ўқув йилида олий ўқув юртларига кириш тест синовлари янгича тизим асосида ўтказилди. Бу янгилик туфайли тест синовлари янада адолатли ва шаффоф ҳолда ўтди ва ўқувчи ёшлар, хусусан абитуриентларнинг ишончини янада оширди.
Натижада ўтган йилги тест имтиҳонлари тугаши биланоқ синовлардан ўта олмаган кўплаб абитуриентлар зарур китобларни олиб, кейинги йилга жиддий тайёрлана бошлади. Бу ўз навбатида 5-11-синф дарсликларига бўлган талабни ошириб, ҳатто тақчиллигини юзага келтирди. Натижада, бозорларда сифатсиз, ўқувчиларнинг кўз саломатлиги учун зарарли, тегишли меъёрларга жавоб бермайдиган мактаб дарсликларининг нусхалари сотила бошлади.
Биз, мазкур масалани атрофлича ўрганиш жарёнида бир неча масъулларга саволлар билан мурожаат қилдик. Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўқув-методик маркази дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларни нашр этишни мувофиқлаштириш сектори бошлиғи Серик Юсуповнинг берган маълумотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
— Ҳозирги кунда кейинги ўқув йили учун дарсликларни чоп қилиш бўйича тегишли нашриётлар билан шартномалар тузилиб, буюртма бериш ишлари олиб борилаётган бўлса керак. Айтингчи, дарсликлар неча йилда қайта нашр қилинади ва буюртма берилаётган дарсликлар сони қандай шакллантирилади?
— Тегишли ҳужжатларга мувофиқ, умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун дарсликларни ҳар йили, 2-4-синфлар учун икки йилда бир марта ва 5-9-синфлар учун тўрт йилда бир марта янгилаш белгиланган эди. Эндиликда дарсликларнинг нашр этиш муддати 2-4 синфлар учун 3 йилга, 5-11-синфлар учун 5 йилга узайтирилиши муносабати билан мазкур йилларда ўқувчилар дарсликлардан фойдаланиладиган энг катта контингент ҳисобга олиниб шакллантирилади.
— Мактаб кутубхоналари фонди учун ёки ўтган йилда муайян номдаги дарсликлар етишмовчилиги мавжуд бўлиб, қўшимча дарсликлар ажратишни сўраб мурожаат қилган мактаблар борми?
2018-2019 ўқув йилида фойдаланиш муддатининг узайтирилиши ва ўқувчилар ҳаракати ҳисобига таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларининг 3-синфи учун 1188 комплект, 4 синф учун 184 комплект, 5 синф учун 314 комплект, 8 синф учун 415 комплект, жами 2101 комплект дарсликларга қўшимча эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, 2019-2020 ўқув йилида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 5-синф ўқувчилари учун 958 та тўплам, таълим рус тилида олиб бориладиган 5-синф ўқувчилари учун 98 та тўплам, таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган 4-синф ўқувчилари учун 1130 та тўплам, 5-синф ўқувчилари учун 1273 та тўплам, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 4-синф ўқувчилари учун 801 нусха рус тили, 1275 нусха инглиз тили, таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган 4-синф ўқувчилари учун 2318 нусха рус тили, 2318 нусха инглиз тили дарсликларига эҳтиёж мавжуд.
Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2018 йил 1 декабрда 01-01/9-01-4847-сонли, 5 декабрда 01-01/9-01-4909-сонли хат билан 2018/2019 ва 2019/2020 ўқув йили учун эҳтиёж мавжуд бўлган дарсликларни қўшимча нашр этиш бўйича буюртма берилди ва бугунги кунда вазирлик томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
— Айтингчи, кейинги йил ўз билимини оширмоқчи бўлган ёшлар асл китобни топа олмай, нусха кўчириб юрмаслиги учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида қандай чора-тадбирлар бажарилмоқда?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 1 июндаги 363-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси ташкил этилган ва унга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларига ижара шартномаси асосида тарқатилган дарсликлар учун ота-оналар томонидан тўланадиган ижара тўловларини тўплаш орқали дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни ҳар бир ўқув йили учун нашр этиш, етказиб беришни узлуксиз молиялаштиришни таминлаш вазифалари юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 апрелда рўйхатдан ўтказилган “Умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлаш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 16-бандига мувофиқ, “Умумтаълим мактаби бўйича буюртма ҳамда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан дарсликлар ва ЎМҚларни эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар умумтаълим мактаби педагогик кенгаши томонидан муҳокама қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади”.
Халқ таълими вазирлигига Халқ таълими бўлимларига қарашли умумтаълим мактаблари томонидан дарсликлар ва ЎМҚларни эркин сотиб олиш бўйича буюртма берилса, биз ушбу дарсликларни нашр этиш бўйича нашриётларга тавсия берамиз.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари барча синфлар дарсликларининг таълим ўзбек, рус, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, тожик ва туркман тилларидаги электрон вариантлари вазирликнинг ахборот-таълим портали (http://eduportal.uz) ва Ziyonet ахборот-таълим тормоғи (http://ziyonet.uz)га жойлаштирилган.
Абитуриентларга ўзлари учун зарур бўлган дарсликларнинг электрон вариантларини ушбу портал тормоқларидан олиб фойдаланишни тавсия этамиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2018 йил 7 октябрдаги 316-б сонли фармойиши асосида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 766,4 млн сўм маблағ ажратилди. Натижада 2018-2019-ўқув йилида умумтаълим мактабларининг таълим қорақалпоқ ва ўзбек тилларидаги 5-11-синф ўқувчилари учун 7 номдаги 146,2 минг дона “Қарақалпақстан тарийхы” дарслиги “Билим” ва “Қорақалпоғистон” нашриётлари томонидан чоп этилмоқда.
Азат Хўжамуратов,
“Қорақалпоғистон” нашриёти раҳбари:
— Биз, мактаб дарсликларини ортиқча нусхада чоп қилиб, эркин савдога чиқара олмаймиз. Дарсликларни Халқ таълими вазирлигининг буюртмасида белгиланган нусхада чоп қиламиз ва тизимдаги масъуллар орқали мактабларга етказилади. Ушбу дарсликларни чоп қилиш бюджет маблағлари ҳисобидан бўлгани учун ўз-ўзидан аёнки, ортиқча нусхага пул ҳам ажратилмайди.
Ҳозирда 10-11-синфлар учун ўзбек ва қорақалпоқ тилларида “Қорақалпоғистон тарихи” мактаб дарслигини чоп қилиш бўйича Халқ таълими вазирлиги буюртма бериб, тегишли маблағларни ўтказиб берди. Агарда дарсликларни (абитуриентларга мўлжалланган) эркин савдога чиқариш учун қайсидир ташкилот ёки тадбиркор бўладими, нашриёт харажатларини тўлашга тайёрлигини билдирса, Халқ таълими вазирлигининг тавсияси билан шартнома асосида нашр қилишимиз мумкин.
Зулфия Ўсербоева,
“Билим” нашриёти бош муҳаррири:
— Сўнгги пайтларда мактаб ўқитувчилари болаларга талаб даражасида билим беришлари учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилди. Мақсад, ўқитувчилар бор имкониятини болаларга билим беришга сарфласин. Натижада мактаб битирувчилари “репетитор”ларга қатнаб вақти ва нақтини сарфламайди. Мактабдаги аълочи ўқувчилар олий ўқув юртларига ўқишга киришга қодир бўлади.
Ана шунда қоғоз, маблағ сарфлаб мактаб дарсликларини ортиқча чоп қилишга ҳожат қолмайди. Шунда мактаб дарсликлари нусхаларининг ҳам ноқонуний савдосига эҳтиёж қолмайди.
Биз, ушбу масала юзасидан бозордаги сотувчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Сотувчилар талабдан келиб, асли бўлмагач (гарчи ноқонуний бўлсада) имкон қадар ўқувчи ва абитуриентлар учун нусхаларини сотишга мажбур бўлишаётганини таъкидлашди. Агарда асл нусхалари бор бўлса, улар нусхасини эмас, аслини сотишга тайёр эканлигини, нусха кўчириш ва сотиш мумкин эмаслигини, айтишмоқда.
Юқорида Халқ таълими вазирлигининг масъул ходими берган маълумотлардан аёнки, ҳозирги кунда жорий ўқув йили учун ҳам айрим мактабларга дарсликлар тўлиқ етказиб берилмаган. Гарчи ўқув йилининг ярми ўтган бўлсада умумтаълим мактабларида ўқиётган ўқувчиларнинг дарсликларга эҳтиёжи мавжуд экан, бу вақтда абитуриентлар учун ортиқча нашр қилишга буюртма бериш ҳақида гапиришнинг ўзи мантиқсизлик.
Юқорида келтирилган Низомда дарсликлар ва ЎМҚларни эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар умумтаълим мактаби педагогик кенгаши томонидан муҳокама қилиниши таъкидланган. Назаримизда умумтаълим мактаби педагогик кенгаши дарсликларни эркин сотиш масаласини муҳокама қиладиган қоида мавжуд бўлса, у ҳолда ушбу тартибга ҳам ўзгартиш киритиш вақти келган. Негаки, умумтаълим мактаби аввало, мавжуд ўқувчиларнигина дарслик билан таъминлашга масъул бўлади. Агарда, улар эркин савдо учун дарсликларга қўшимча буюртма берган тақдирда ҳам уни чоп қилишга ажратиладиган маблағ масаласида бир қатор муаммолар юзага келиши тайин.
Мазкур соҳага алоқадор баъзи масъуллар бу масала олдин ташаббускорлар томонидан кўтарилиб, эркин савдо учун қўшимча нашр қилинган дарслик китоблар сотилмай қолганини таъкидлаб, мавзунинг долзарблигига ўзларининг эътирозларини билдиришлари мумкин. Биз мавзуни ўрганиш жараёнида мазкур ҳолат бўйича ҳам ўргандик. Аниқланишича, бундан бир неча йил илгари ортиқча нашр қилинган дарсликларнинг сотилмай қолишига асосий сабаб, мактаб дарсликларига, яъни қорақалпоқ тили алифбоси киритилган ўзгартиш сабаб бўлган.
Хуллас, нашриётларга дарсликларни эркин савдо учун қўшимча чоп қилиши учун Халқ таълими вазирлигининг буюртмаси ва маблағни зиммасига олувчи керак. Вазирлик эса, дарсликларнинг электрон вариантларини тегишли тормоқлардан олиб фойдаланишни тавсия этмоқда. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари эса, китобларнинг асл нусхаларини ўқишни хохлашмоқда…
Савол туғилади: бозор иқтисодиётига ўтганига чорак аср бўлаётган юртимизда дарсликларни эркин савдога чиқариш, китоб ўқиб, билимларини ошираман, деган ёшларни зарур китоблар билан таъминлаш шунчалик қийин масалами?!
Ўтган йил мазкур масала эътибордан четда қолгани бозорларда тахлам-тахлам сотилаётган дарслик нусхаларидан аён. Назаримизда, жорий “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да вазият ўзгаради. Зеро, ёшларни билимли қилишга ажратиладиган инвестиция нафақат битта ташкилот ёки тадбиркорни балки, бутун мамлакатни бой қилади. Шундай экан кейинги йил ҳам ушбу мавзуга қайтмаслик учун бугун тегишли тадбирларни қилиш лозим.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ.