Ҳар қандай маҳсулотдан олинадиган ҳосилни орттиришда қишлоқ хўжалигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби, шудгорлаш, экиш, экинларнинг қатор ораларига ишлов бериш, ҳосилни йиғиб олиш жараёнида техникаларнинг ўрни беқиёсдир. Уларни доимий янгилаб бориш, белгиланган муддатда таъмирдан чиқариш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларнинг вақтида ва сифатли бажарилишига асос бўлади.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 декабрдаги “2019 йилнинг баҳорги дала ишларида иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини ўз вақтида таъмирлаш, ҳамда ғалла ўримига комбайнларни марказлашган ҳолда жалб қилиш ва хатловдан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи Қаллибек Бекбергенов.
Жорий йилнинг баҳорги дала ишларида барча турдаги техника ва агрегатлар хатловдан ўтказилиб, талаб этиладиган эҳтиёт қисмлар рўйхати ва зарур бўладиган маблағларнинг ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди. 2184 дона сурим трактори, 1761 дона культиватор, 1073 дона чигит экиш сеялкаси, 301 дона ОВХ буриккич, 172 минерал ўғит берувчи агрегат, 250 дона ер тишлагич, 324 дона чизель, 11097 дона тишли тирма, шунингдек, 190 дона буғдой ўрадиган комбайн “Қорақалпоғистон Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг туман машина-трактор парклари ва ҳудудий таъмирлаш устахоналарига йиғилди.
Хатлов натижалари бўйича баҳорги дала ишларида иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ва уларга сервис хизматини кўрсатиш учун 2 миллиард 697 миллион сўм маблағ талаб этилиб, улар “Пахта-2018” якуний ҳисоб-китобларидан, ғалланинг имтиёзли кредитлари ва фермер хўжаликларининг устав фондлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Шунинг билан бирга, таъмирлаш ишларини сифатли олиб бориш мақсадида, тажрибали механизаторлар ва мутахассислар жалб қилиниб, уларга қулай шароитлар яратилиб берилди. Отряд услубида ташкил этилган ушбу ишларда чигит экиш сеялкалари ва культиваторлар бўлакларга ажратилиб, ишчи органлари шаблон асосида таъмирланмоқда.
Бугунги кунда шудгор тракторлари, чигит экиш сеялкалари, култиваторлар, тишли тирма ва молалар, ОВХ, минерал ўғит бериш агрегатлари тўлиқ таъмирланиб, сифат комиссияси томонидан қабул қилиб олинмоқда. Бундан ташқари, шудгор тракторлари ва ғалла ўрадиган комбайнларни таъмирлаш ишларини ҳам белгиланган муддатда якунлашнинг барча чора-тадбирлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги “Қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражасини янада ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йили “Қорақалпоғистон Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг туман машина-трактор паркларига тижорат банкларнинг кредити ҳисобидан умумий қиймати 72232,1 миллион сўм бўлган 331 дона, фермер хўжаликларига “Ўзагролизинг” компаниясининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан умумий қиймати 18864 миллион сўм бўлган 202 дона турли русумдаги техника ва агрегатлар лизинг асосида етказиб берилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни сифатли ва арзон техникалар билан таъминлаш, техника паркларини янгилаш, уларга ўз вақтида сервис хизматини кўрсатиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Д.Абибуллаев.
И.НОҒАЙБАЕВ,
ҚДУ магистранти.