АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛИШДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ тизим янада такомиллаштирилмоқда


Шу йил 17 январда Президентимизнинг «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга кўра 2019 йил 1 февралдан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим жорий қилинмоқда. Янги тизим Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаши ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини ва мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилишни таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Биз, мазкур фармон асосида жорий қилинаётган янгиликлар ҳамда ўтган йил давомида республикамиз ҳудудларидан қилинган мурожаатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбарининг ўринбосари Ниетбай Баўбеков билан суҳбатлашдик.

— Аввало, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг долзарблиги ва янги тизимга ўтишнинг аҳамияти ҳақида қисқача гапириб ўтсангиз?

— Маълумки, ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механизм­га айланди. Халқ қабулхоналари ташкил этилиши аҳолини йиллар давомида қийнаб келган муаммоларнинг аниқланишига, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилишига замин яратди. Лекин, фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилганимизда уларнинг кўпчилиги ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида тез ва самарали ҳал этилмаётганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, фармонда келтирилганидек, жойлардаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ҳамда уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда, зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.

Шу боисдан 2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишни, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.  Унга кўра Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди.

— Кўриниб турибдики, вазифалар ва масъулият янада оширилмоқда. Айтингчи, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни тизимли бартараф қилишда Халқ қабулхоналарининг таҳлилий фикрларини ҳисобга олиш назарда тутилганми?

— Албатта, эндиликда Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган ишчи гуруҳлар уйма-уй юриб, ҳудудларни ўрганиш баробарида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради. Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, мурожаатларда акс этган тизимли муаммолар давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда инобатга олинади.

Шунингдек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакл­лантирилиши назарда тутилди.

— Мазкур фармонга асосан, Халқ қабулхоналарига қўшимча қандай вазифалар юкланди ва яна қандай ҳуқуқлар берилди?

— Мазкур ҳужжатга кўра ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш энг асосий вазифамиз сифатида белгиланди. Шунингдек, ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш каби бир қатор қўшимча вазифалар юкланди.

Қўшимча берилган асосий ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, эндиликда Халқ қабулхоналарига секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш,  секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш ҳуқуқига ҳам эга бўлдилар.

— Бизга маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси раҳбарияти ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилиш мақсадида жойларда сайёр қабулларни ҳам ўтказиб келади. Ўтган 2018 йилда республика раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида неча марта ана шундай қабуллар ўтказилган, ёки қанча фуқаро мурожаат қилган?

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлардаги аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, олис ҳудудларда тегишли вакиллар иштирокида сайёр қабуллар уюштирилмоқда.

2018 йил давомида республика раҳбарияти билан биргаликда чекка туманлар ва олис ҳудудларда 98 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Очиқ-мулоқот тарзида ўтказилган қабулларда 2 мингга яқин аҳоли ўзларининг мурожаатлари билан иштирок қилди.

Ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонасига 16 минг 388 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 11 минг 346 мурожаат қаноатлантирилиб, ижобий ҳал қилинди. Мурожаатчиларнинг 4 минг 896 нафарига тегишли тартибда  ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

— Шу ўринда мурожаатларнинг ижобий ҳал қилиниши ор­қали эришилган натижалар ҳақида гапириб ўтсангиз?

— Айнан Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатлар ҳал қилиш баробарида қатор кам таъминланган ва ногирон, ёрдамга муҳтож оилаларга арзон ва имтиёзли кредитлар асосида қурилган уй-жойлар топширилди. Шунинг­дек, 36 мингдан ортиқ оилаларнинг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишлари, ўзларининг оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун 185 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу мурожаатларнинг асосий қисмини ташкил қилаётган бандлик масаласидаги кўплаб фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

— Ўтган йил давомида қайси соҳа ёки тармоқлар бўйича кўпроқ мурожаатлар келиб тушган эди? Туманлар кесимида ҳам таҳлилий маълумотлар борми?

— Мурожаатларни таҳлил қилганимизда аҳоли орасида энг кўп учраётган муаммо бу – ишсизлик, яъни бандлигини таъминлаш масаласидир. Шунингдек, моддий ёрдам сўраб,  уй-жой билан таъминлаш масаласида ҳамда бепул тиббий хизматдан фойдаланиш учун “Ордер” сўраб қилинган мурожаатлар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилади.

Масалан, ҳудудлар кесимида айтадиган бўлсак, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар сони Нукус шаҳрида 155 нафар бўлса, Кегейли туманида 188, Тўрткўлда 249, Эллик­қалъа туманида эса, 216 нафар аҳоли шу масалада мурожаат қилган. Уй-жой билан таъминлаш масаласида  Нукус шаҳридан 591, Амударё туманидан 234, Тўрткўл туманидан 286, Элликқалъа туманидан 367 фуқаро мурожаат қилган. “Ордер” масаласида ҳам ушбу ҳудудлардан мурожаатлар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилади. Жумладан, Нукус шаҳридан 185, Тўрткўлдан 130, Эллик­қалъадан 133 нафар фуқаро тиббий хизматдан фойдаланишда имтиёзга эга бўлиш масаласида Халқ қабулхоналарига мурожаат қилганлар.

— Қайси ҳудуд ёки соҳалар бўйича фуқаролар қайта мурожаат қилган ҳолатлари учраб турибди?

— Албатта, Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатларнинг барчасини имкон қадар тез ва ўз жойида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Аммо, мурожаатларни ўрганганимизда айрим ташкилот мутасаддилари аҳолининг муаммоларини тўлиқ бартараф қилмаган ҳолатлари учраётганлиги аҳолининг қайта мурожаат қилишларига сабабчи бўлаётир. Масалан, Кегайли туманида 20 та, Нукус туманида 23 та, Тўрткўл туманида 36 та, Элликқалъа туманида 179 та ҳолатда қайта мурожаат қилингани аниқланди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган фармонида ҳам мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётганлиги, жойлардаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ҳамда муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаётгани каби ҳолатлар танқид остига олиниб, 2019 йил 1 февралдан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.

Фармон қабул қилингач республикамиз туманларидаги барча Халқ қабулхоналари раҳбар ходимлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ўқув-семинарда иштирок қилиб, жорий қилинаётган янги тизим бўйича билимларини ошириб қайтдилар. Ўйлаймизки, қилинаётган тадбирлар аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал қилишга, халқимизнинг ўз ҳаётидан  рози бўлиб яшашига ҳисса қўшади.

— Кўриниб турибдики, Халқ қабулхоналари зиммасига янада катта масъулият ҳамда вазифалар юкланмоқда. Бу ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун Халқ қабулхонаси ходимларига шарт-шароитлар яратиш, рағбатлантириш ҳам назарда тутилган бўлса керак?

— Албатта. Президентимизнинг мазкур фармонининг 6-бандига мувофиқ, 2019 йил 20 январдан Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Халқ қабулхоналари барча ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилиши белгиланган. Шунингдек, йил якунларига кўра фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган Халқ қабулхоналари ходимлари бир марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, эндиликда Халқ қабулхоналари ходимлари мунтазам равишда чекка ва олис ҳудудларда оммавий қабуллар ўтказишлари, аҳоли муаммоларини бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганишлари назарда тутилмоқда. Ана шу ишларни самарали ташкил этиш мақсадида барча туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарини автотранспорт воситалари билан таъминлаш белгиланди.

Президентимиз томонидан билдирилган ишонч ва яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, биз жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлашнинг барча зарур чораларини кўрамиз.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ

 суҳбатлашди.