НАВОИЙ ҒОЯЛАРИ умуминсоний қадриятдир


Яқиндагина ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигини кенг нишонладик.

Алишер Навоийнинг даҳо сифатида қанчалик умрбоқийлиги бу улуғ зот бунёд этган моддий ва маънавий мерослари негизида намоён бўлади.

Алишер Навоийга «Амири кабир» (Улуғ  амир) ва “Амирул муқарраб” (подшоҳга энг яқин амир) каби унвонлар берилгани бежиз эмас. Бу мартабага кўра шоир Ҳусайн Бойқарога бир масала юзасидан кетма-кет етти мартагача мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Мамлакат тинч­лиги, халқ ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш ҳамда ёш авлод тарбияси Алишер Навоийнинг кундалик ҳаётидаги бош масала ҳисобланган. Шу сабабли ҳам «Ихлосия», «Низомия»,  “Хисравия” мадрасаларини,  «Холосия», «Шифоия», «Фаноия»  каби шифо уйларини бунёд этган. Бу иншоотларнинг қурилиши ва таълим берувчиларнинг ойлик маоши ҳам бевосита Алишер Навоийнинг шахсий хазинасидан   тўланганлиги тан олинган ҳақиқат.

Алишер Навоий асарларининг аксариятида, фарзанд тарбияси ҳамда малакали таълим бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, «Ҳайрат — ул  аброр» , «Фар­ҳод  ва Ширин», “Лайли ва  Мажнун”, “Лисон — ут тайр” каби  асарлари ёш авлод тарбиясига бевосита дахлдор бўлгани учун уларга бугунги кунда ҳам мурожаат қиламиз.

«Ҳайрат-ул  аброр” достонида шоирнинг маърифий қарашлари умуминсоний қадрият миқёсида янада ойдинлашади. Ёш авлоднинг таълим олиши, касб-ҳунар сирларини эгаллаши, ватани ва халқига сидқидилдан хизмат қилиши фарзандлик бурч эканлиги таъкидланди. Улуғ шоир:

Нафинг агар халққа  бешакдурур,

Билки, бу наф ўзингга  кўпракдурур,

деган байтида айни шу маъноларни ифодалаган, дейиш мумкин.

Ҳа, бу каби улуғ даҳолар нафақат ўзи яшаб ўтган даврдаги эзгу ишлари билан ёдга олинади, балки улар яратган бадиий асарлар бугунги кун ёшларининг дунёқарашини кенгайтириш ва маънавий билимларини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшади. Зеро, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий бобомиз яратган бой маънавий мерос неча аср ўтсада, ёш авлодлар, жамики инсоният учун хизмат қилаверади.

Г.Абдуллаева,

И.Юсупов номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.