Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, офицер ва сержантлар, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилган тадбирни Нукус шаҳар ҳокими П.Турешев бошқариб борди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фахрийлар билан ишлаш бўйича Марказий кенгаши раисининг ўринбосари А.Наврўзов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондони, полковник Ф.Ортиқовлар сўзга чиқиб, йиғилганларни округ ташкил топганининг 20 йиллиги билан табриклади.
Таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи юртимизнинг энг катта ҳудудидаги чегарани қўриқлаш, халқимизнинг ишончли ҳимоячисига айланган ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, уларда чуқур билим, юксак маҳорат ва одоб-ахлоқ фазилатларини шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ўтган йиллар мобайнида округда ҳарбий кадрлар тайёрлаш борасида ўзига хос янги мактаб яратилиб, улар юртимизнинг мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мазкур округдан етишиб чиққан кадрлар ҳақида сўз юритилганида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Владимирович Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Хамидович Тошматов, Чирчиқ Олий танкчилар командирлик муҳандислик билим юртида ёшларга билим бераётган полковник Тоҳир Анварович Эргашев, ҳарбий хизматда кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган полковник Муротжон Маматкаримович Гафуров ва бошқаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизнинг Мудофаа салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада Қуролли Кучларимизни модернизациялаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал билим ва тажрибасини, шунингдек, жанговор тайёргарлигини ошириш, ҳарбий таълим соҳасига чет элларнинг янги тажрибаларини, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, барча давлат ҳокимияти органлари, корхона ва ташкилотлар, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик вакилларини бир мақсад йўлида жипслаштирган ягона тизимнинг яратилгани, “Темурбеклар мактаби” ташкил этилгани, халқимизнинг чин маънода бахтли ва фаровон яшашига, Ватанимизга содиқ ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида аскарлар билан учрашиб, бу ердаги шароитларни янада яхшилаш бўйича берган кўрсатмалари ҳар биримизга алоҳида масъулият юклайди. Шунингдек, Президентимизнинг фармони билан ҳар бир худудда ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилгани, армия ва аҳолининг бирдамлигини таъминлаш ишларининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда. Шу йўналишда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида ўтган йилнинг ўзида Шимолий-ғарбий ҳарбий округида 36 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб зарур инвентарлар билан таъминланди.
Ҳарбий-маъмурий секторнинг фаолиятини ривожлантириш мақсадида, маҳаллий бюджет ҳисобидан 31 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Ўтган қисқа давр ичида ҳарбий хизматчилар учун 66 хонадонли 3 та тураржойда қурилиш ишлари олиб борилди. Бу эзгу ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилиб, 120 хонадонли 4 та тураржой қуриш режалаштирилмоқда.
Тадбирда сана муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий даражалар, кўкрак нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Тантанали йиғилиш Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Қуролли Кучлар Марказий қўшиқ ва рақс ансамбли ва республика санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.Абибуллаев.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.