Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси «Ёнғинлар профилактикаси куни» доирасида ўтказиб келинаётган турли тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Лекин, шундай бўлса ҳам айрим фуқароларимизнинг эътиборсизлиги ва назоратсизлиги оқибатида ёнғин келиб чиқиш ҳолатлари учрамоқда.
Ўтган йилнинг 12 ойи мобайнида Нукус шаҳрида содир бўлган ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилди. Жумладан, ёнғинлар оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, носоз электр сим ва ускуналардан, иситиш печларидан фойдаланиш, болаларнинг олов ўйнаганлиги, транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши ва бошқа сабаблар натижасида келиб чиққан.
Ачинарлиси, шу давр мобайнида содир бўлган жами 138 та ёнғиннинг 76 таси аҳоли турар жойларига тўғри келади.
Бу рақамлар ҳар бир кишини ташвишга солиши билан бирга,эътибор ва назоратни янада кучайтиришни талаб этади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нима учун ва қандай сабабларга кўра хонадонларда ёнғин содир бўлмоқда? Бунинг омиллари қаерда?
2018 йил 20 ноябрь куни Нукус шаҳри «Гузар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 22-кичик туман 9-уй том қисмида иситиш печининг носоз уланиши оқибатида ёнғин содир бўлган.Натижада 9-уйнинг 30 м кв том қисми ёниб зарарланган.
2018 йилнинг 3 декабрь куни соат 16:09да Нукус шаҳри «Нур» МФЙ ҳудудида якка тадбиркор Гулназ Алланиязовага тегишли бўлган дўконнинг том қисмида ёнғин юз берган. Том қисмида пайвандлаш ишлари давомида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаганлиги боис, шу ҳодиса келиб чиққан. Таъкидлаш жоизки, бу каби ҳолатлар асосан хонадон эгаларининг қоидабузарликлари, ёнғин хавфсизлиги талабларининг бажарилмаганлиги оқибатида содир бўлмоқда.
Кузги-қишки мавсумда иситиш ва ёритиш манбаларидан тўғри фойдаланиш, иш ва яшаш жойларида, айнан аҳоли хонадонларида газли иситиш печлари ҳамда электр ёритиш манбаларидан фойдаланаётганда уларнинг ёнғин-техник қоида талабларига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлиши, бу ҳақида фуқаронинг қатъий огоҳлантирилиши, носоз газ ва электр қурилмалари ҳамда мосламаларидан фойдаланишга мутлақо йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эгадир.
М.Утемуратов,
Нукус шаҳар ЁХБ катта инспектори катта сержант.
Ф.Маткаримов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИ 4-босқич курсанти.