Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни тарбиялаш, замонавий спорт объектларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистогн Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спорт объектларини қуриш, таъмирлаш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада республикамизда ҳам ёш авлоднинг жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилиб, ўтган йилнинг ўзида битта объектда таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, тўртта янги объект фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қошидаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан болалар спорт мактабларига умумий қиймати 2 миллиард 607,5 миллион сўмлик замонавий инвентарлар ажратилиб, жойларда мутахассислар иштирокида топширилмоқда.
— Президентимиз томонидан ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қошидаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси директори Сансизбой Сапарниязов. — Ўтган йили таъмирланган Элликқалъа туманидаги сузиш ҳавзаларига, шунингдек, Чимбой, Амударё, Қораўзак туманларидаги янгидан қурилган сузиш ҳавзаларига 62 турдаги умумий қиймати 1 миллиард 500,6 миллион сўмлик, Нукус шаҳри, Беруний, Тўрткўл, Хўжайли, Шўманай, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Нукус, Кегайли ва Тахтакўпир туманларидаги 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари қўшимча 48 турдаги умумий қиймати 1 миллиард 106,7 миллион сўмлик замонавий инвентарлар билан таъминланди.
— Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз, — дейди Мўйноқ туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Лепесбой Есбергенов. — Мактабимизга Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қошидаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан 46 та умумий қиймати 912 миллион 517,6 минг сўмлик замонавий инвентарларнинг берилиши ёш спортчиларимизни қувонтирмоқда. 2017 йилда маҳаллий бюджет томонидан ажратилган 174 миллион сўм ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилган мактабимизда болалар спортнинг 8 та тури билан доимий шуғулланиб келмоқда. Мактабимиз тарбияланувчиси Турдибой Сейтмуратов кураш бўйича Ҳиндистон давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Давлет Жумабаев, Давлет Сейтжановлар бокс бўйича, Сабрина Узақбаева кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги мусобақаларида совринли ўринларни эгаллади. Волейболчи қизларимиз Қорақалпоғистон терма жамоаси таркибига қабул қилинди. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан янги жиҳозларнинг берилиши тарбияланувчиларимизнинг имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар
агентлиги шарҳловчиси.