Ҳам тадбиркор ҳам шифокор


Бугунги кунда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш хусусий тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлаш борасида жуда кенг имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай шароитлардан тўғри ва оқилона фойдалана олган ҳам тадбиркор ҳам шифокор аёллар орамизда кўп. Шулардан бири асаб касалликлари шифокори Ақтўлқин Қодировадир.

Ҳозирги  кунда тиббиёт ходимларига ўз фаолиятини кенгайтиришлари учун қулай шароитлар яратилмоқда, — дейди Ақтўлқин опа. Ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўзимнинг сал кам эллик йиллик меҳнат тажрибамга таяниб, ­“Ақтолқин доктор” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйдим. Клиникамиз 2014 йилдан буён ­халқимиз учун беминнат хизмат қилиб келмоқда. Бу ерда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида неврологик ва бошқа касалликлар даволанади. Ҳозирги кунда шифохонамизда 3 нафар ­ходимнинг бандлиги таъминланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бир қанча тиббиёт масканлари бўй тиклаб, даволаш диагностика марказлари ташкил этилди. Тизимни янада такомиллаштириш, замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг  қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро тиббиёт соҳасига қаратилаётган бундай эътибор аввало, халқимизнинг саломатлигини таъминлашга хизмат қилади.

Демоқчиманки, мамлакатимизда яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар юртимиз хотин-қизларини ҳам руҳлантириб янги мақсад ва марралар сари чорлайди.  Албатта аёллари, оналари эъзозланган, улуғланган элнинг эртаси обод, кўнгли хотиржам, фарзандлари бахтли бўлади. Буни она юртимиз мисолида кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз.