БУГУНГИ ИМКОНИЯТ ВА ШАРОИТЛАР АСТОЙДИЛ ИШЛАШГА УНДАЙДИ дейди мўйноқлик Гулистон Мустафоева


Бугун йўлингиз тушиб Мўйноқ томонларга борсангиз, туманнинг янгидан чирой очаётган қиёфаси, ҳар бир соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, одамларнинг ҳамжиҳатлигию, меҳмондўстлигини кўриб қойил қоласиз.Мўйноқ аҳлининг меҳнатга бўлган иштиёқи ошиб, амалга ошираётган янги ташаббус ва ғоялари халқ манфаатига хизмат қилмоқда. Гулистон Мустафоева ҳам ана шундай тиниб тинчимас, серғайрат инсонлардан. Туман марказида аҳоли эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари дўконини ташкил этган Гулистон опа Президентимизнинг “Тадбиркор халқ –фаровон ҳаётнинг кафолатидир” деган ибратли фикрини теран англаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди.

— Савдо-сотиқ соҳасида салкам  25 йилдан буён фаолият юритиб келаман, — дейди тадбиркор Гулистон Мустафоева. — Бу орада баъзи-бир қийинчиликларга ҳам дуч келдик. Аммо, йиқилган курашга тўймас, деганларидек, ҳаракатдан тўхтамадик. Даст­лаб  оилавий тадбиркор сифатида бошлаган ишимизни янада кенгайтириб, янгидан озиқ ва ноозиқ овқат маҳсулотлари савдосини йўлга қўйдик. Биласизми, ҳозир мамлакатимизда тадбиркорларимиз учун жуда кенг имкониятлар яратилган. Айниқса, солиқ юки камайтирилгани, ортиқча текширишларга барҳам берилгани айни муддао бўлди.

Дарҳақиқат, аёл тадбирли бўлса, ишда унум, оилада барака бўлади.Оиласи, халқи, пировардида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни ният қилган тадбиркоримиз эндиликда ўғлига ҳам мазкур ишларда ҳар томонлама намуна бўла олади.

Унинг ўғли ҳам 2018 йилда Халқ банкининг туман филиалидан  907 миллион сўм миқдорида кредит олиб, “Фарҳод -Мўйноқ” кўп тармоқли масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, мазкур жамият негизида қаровсиз қолган бино иморатини қайта реконс­трукция қилиб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни ташкил этди. 15 нафар кишининг бандлиги таъминланган мазкур кўп тармоқли корхонада нон ва нон маҳсулотлари дўкони, тамаддихона, гўзаллик салони  фаолият юритади.

Гулистон Мустафоевадаги ташаббускорлик ва ишчанликни кўрган туман Хотин-қизлар қўмитаси унинг ҳар бир ишини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мана шундай рағбатдан руҳланган қаҳрамонимиз Хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномаси асосида Халқ банкининг туман филиали томонидан 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит олди ва “Гулистон опа” МЧЖ ни ташкил этди. Нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур жамиятда 5 нафар ёшларнинг ­бандлиги таъминланди.

— Асли мўйноқлик бўлганим учун туманимиз аҳолисининг турмуш тарзи, орзу-умидлари, мақсадлари мени доимо ўйлантириб, қизиқтириб келган, — дейди суҳбатдошимиз. — Президентимиз ташаббуси билан бугунги кунда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар бутун мўйноқликлар дилида келажакка катта умид уйғотди.  Айниқса, Орол денгизидан булоқ сувининг отилиб чиқиши халқимиз учун яна бир мўъжиза бўлди. Мана шундай саодатли дамлардан руҳланмай бўладими?!

Қаҳрамонимиз Гулистон Мустафоева турмуш ўртоғи Қуўандиқ Ешмуратов билан икки ўғил бир қизни тарбиялаб камолга етказди.

Суҳбатимиз якунида қаҳрамонимиз шундай шукуҳли кунларда мамлакатимизнинг ижтимоий иқтисодий ҳаётида фидоий меҳнат қилаётган барча хотин-қизларимизни гўзаллик ва нафосат байрами  билан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларини билдирди.