Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаётган аёл


Аёл, она! Яратганнинг буюк мўъжизаси. Дарҳақиқат, бугуннинг аёли ишда ҳам, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз фаоллиги, ташаббускорлиги, фидоийлиги билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Халқимизда аёл, она зоти азал-азалдан улуғланиб, эъзозланиб келинган. Айниқса, нафосат ва гўзаллик айёми 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни арафасида уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром янада юксалиб,меҳри, фидоийлиги, садоқатига яна бир бор амин бўламиз.  Биз байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 1- сафарбарлик отряди йўл патрул хизмати инспектори Юлдуз Матякубова билан касбининг масъулияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Сиз республикамиздаги хотин-қизлар орасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишни танлаган дастлабки аёл қизлардан бўлсангиз керак?

— Ҳа. Инсон болалигидан бирон бир нарсага қизиқади. Ўзича ўй-хаёллар, орзу мақсадлар қилади. Мактабни битириб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олдим. Қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетида ўқишимга қарамасдан, ички ишлар соҳасига бўлган қизиқишим устун келди. Мана 4 йилдирки, мазкур соҳада фаолият юритиб келмоқдаман. Касбим масъулиятли, доимо қатъиятли ва иродали бўлишга ундайди.

— Биласизми, айнан йигит кишиларга хос касбни танлагансиз. Шу боис, сизга нисбатан, бошқача қарашлар ҳайратланишлар бўлганми?

— Бу табиий ҳол. Чунки, ушбу касб­да фаолият юритиш кишидан жуда катта матонат ва сабр-тоқат, ирода талаб этади. Дастлабки кунлари кўпчиликка бу қизиқ, эриш туюлди, ўрганишлари қийин бўлди.

— Барча касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Айниқса, сизнинг касбингизда бу яққол кўзга ташланади. Чунки, кеча-ю-кундуз, вақт билан санашмай ишлашингизга тўғри келади. Сир бўлмаса, таҳдидлар ҳам бўлганми?

— Тўғри, иш бор жойда муаммо ҳам, камчилик ҳам бўлиши мумкин. Булар ўткинчи. Муҳими, ҳар бир иш қонун доирасида олиб борилса, ҳеч нарсадан қўрқишга, хавотирланишга ҳожат йўқ. Инсон фақат ўзига билдирилган ишончни оқлаши ва фидоийлик билан хизмат қилиши лозим.Назаримда касбнинг қийинчилиги уни сидқидилдан бажарган кишига оғирлик қилмайди.

— Бизда аёл кишининг ўрни уйда деган қарашлар ҳам бор. Лекин, оилани ҳам, ишни ҳам эплай оладиган ишчан ва ташаббускор хотин-қизларимиз жуда кўп. Демоқчиманки, сиз бахтни қандай тасаввур қиласиз? Аёл бахти нимада?

— Аёл ҳудди дарёга ўхшайди. У тўлқинланишни, мавжланишни, гўзал бўлишни ёқтиради. Аёл бахти қалб гўзаллиги ва ички хотиржамликда кўринади. Аёл, она сифати ва сийратини таърифлаб бўлмайди. Оилада комил фарзанд бўлиш, саодатли ҳаёт кечириш, оналик бахтини туюш, касбига бўлган садоқати ила жамиятда ўз ўрнига эга, меҳр-муҳаббатли бўлиш аёлга хос хислат ва фазилатлардир.

— Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда ҳайдовчи ва йўловчилар нималарга эътибор беришлари керак?

— Бугун пойтахтимиз Нукус шаҳри, қолаверса республикамизнинг барча туманлари янгича қиёфа касб этаётир. Қурилиш ишлари авж олиб, йўллар кенг ва равон бўлмоқда. Ўз навбатида авто уловлар сони ҳам кескин ортмоқда. Бу эса юртимизнинг гуллаб яшнаётганлигидан, равнақ топаётганлигидан дарак беради. Аммо, шу ўринда бир нарсани унутмаслигимиз керакки, биз доимо хоҳ йўловчи, хоҳ ҳайдовчи бўлайлик соғлигимизни асрашимиз, доимо сергак ва хушёр бўлишимиз лозим. Ўзимизда ҳаракатланиш маданиятини шакллантира олсак кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади.

— Шу ўринда тизимда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ҳайдовчиларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида ҳам гапириб ўтсангиз?

— Йўл ҳаракати хавсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёда муносабатларини тартибга солиш, уларда маданиятни шакллантириш, белгиланган йўл қоидаларга риоя қилиш Ички ишлар вазирлиги йўл патрул хизмати  ходимларининг доимо диққат эътиборидаги масала бўлиб келган.

Ҳафтанинг ҳар жума — профилактика куни доирасида турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Нукус шаҳридаги бешта чорраҳада йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва қоидабузарликларни аниқлаш мақсадида онлайн фото ва видеокузатув камералари ишга тушди. Тезлик ва автоҳалокатларнинг олдини олишда янги Автоул ва Автокон онлайн радарлари ишга туширилди.  Шунингдек, барча автотранспорт ҳайдовчилари амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2021 йилнинг 1 январига қадар янги турдаги пластик ҳажмдаги ID – карта кўринишидаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириши белгиланган. Эътиборлиси, мазкур ҳайдовчилик гувоҳномаси қисман паспорт вазифасини бажаради.

— Байрам тилакларингиз?

— Юртимизнинг барча аёлларини, оналарини, дилбар қизларини  8 март Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан табриклайман. Оилаларига тинчлик-омонлик, бахту-саодат тилайман. Баҳорий кайфият ҳеч ҳам тарк эмасин!