Нукусда Президент мактабига тамал тоши қўйилди


Жорий йил 7 март куни Нукус шаҳрида қуриладиган Президент мактабига тамал тоши қўйилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О.Муродов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов ва бошқалар иштирок этиб, Президент мактаби қурилиш ишларининг лойиҳаси билан ­танишди.

Таъкидланганидек, юртимизда ёшларнинг интеллектуал билими ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йили 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида янги типдаги Президент мактабларини ташкил қилиш, бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилган эди. 2019 йил 20 февралда Президентимизнинг ­«Президент мактабларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.

Президент мактабининг янги биноси учун Нукус шаҳридаги “Қурылысшы” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ёнидан 2х3 гектар ер майдони ажратилди. Қурилиш ишларини жорий йилнинг 20 ­августигача тўлиқ якунлаш режалаштирилган. ­Сентябрь ойидан, яъни янги ўқув йилидан бошлаб, 5-10 синфларнинг ҳар бирига 24 нафар ўқувчидан жами 144 ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Президент мактабларида ўқувчилар Кембридж университети халқаро имтихон бўлимининг тажрибали мутахассислари томонидан танлаб олинади. Мактабда “STEAM — таълим” (Science- табиий фанлар, Technology-технология, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics -математика) дастури татбиқ этилади.

— Бу мактаб қурилиши Нукус шаҳридан бошланаётгани Президентимизнинг республикамиз халқига, шу жумладан, ёшларимизга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигидир, дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Аманжол Аяпов. – Янги мактабда ўқиш инглиз тилида олиб борилишини ҳисобга олиб, чет эллик тажрибали педагогларни кенг жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу куни дастлабки Президент мактабининг  ­тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлигининг шарҳловчиси.