Ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири коррупция муаммосидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳам коррупцияга қарши кураш масаласида тизимли ишлар ташкил этилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармасида ўтказилаётган тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, унда белгиланган коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби қоидаларнинг аниқ белгилаб қўйилганлиги тўғрисида ходимларга мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси веб-сайтида давлат статистика органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мансабдор шахслар ва ходимлар фаолиятида мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси ҳақидаги маълумотлар доимий равишда жойлаштириб борилмоқда.
Бошқарма веб-сайтида “Ишонч телефонлари” тўғрисидаги маълумотлар, давлат статистика органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид ҳужжатлар ва ахборотлар жойлаштирилган, барча давлат статистика ҳисоботларини Estat 3.0 дастури орқали Интернет тармоғидан электрон кўринишда тақдим этиш имконияти яратилган.
Давлат статистика тизимида ходимлар одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгилаш, барча даражадаги тизим раҳбарлари ва ходимларининг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришлари юзасидан масъулиятини янада ошириш, одоб-ахлоқ қоидалари бузилиши билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тизими ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари”, “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика органларининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисида”ги Низоми ижроси таъминланмоқда.
Нукус шаҳар статистика бўлимида ҳам Давлат статистика қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилган.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилаётган профилактика ишларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ҳамда уларга яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Давлат статистика органлари ходимлари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича ишларни давом эттиради.
А.Ибраймов,
Нукус шаҳар статистика бўлими бошлиғи.