Бугун юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар замирида халқимизнинг ўз турмушидан рози бўлиб яшашидек эзгу мақсадлар жамланган. Маълумки, 2019 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Биз мазкур қарор ижроси ва белгиланган вазифалар, “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳақида Нукус шаҳар давлат хизматлари маркази директори Арслан Ихласов билан суҳбатлашдик.
— Суҳбатимиз аввалида Президентимизнинг мазкур қарори билан жорий қилинаётган ўзгаришлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.
— Ушбу қарор давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорга асосан, давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида марказларга бир қатор қўшимча вазифалар юкланди.Жумладан, 2019 йил 1 июндан бошлаб, жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилларидан қатъий назар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олиш ҳуқуқига эга бўлишади.
Шунингдек, 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар Давлат хизматлари маркази томонидан берилиши тақиқланади.
— Айтингчи, бугунги кунда аҳолига неча турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда ва йил якунига қадар яна қандай давлат хизматларини кўрсатиш жорий қилиниши белгиланган.
— Бугунги кунга келиб Нукус шаҳар давлат хизматлари марказида жами 138 та хизмат турлари жорий қилинган бўлиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларга 60 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Йил якунига қадар ҳарбий рўйхатга қўйиш, ҳарбий рўйхатдан чиқариш, турган жойи бўйича прописка қилиш, турган жойи бўйича пропискадан чиқариш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш, вақтинча яшаш (прописка) учун рухсатномаларни бериш ва муддатини узайтириш каби давлат хизматларини жорий қилиш назарда тутилган.
— Шу ўринда амалиётда учраётган ҳолатлар юзасидан ҳам айрим саволлар туғилмоқда. Ҳозирда кўпгина ташкилотларга мурожаат қилсангиз, масалан, бирон бир тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи ёхуд фарзандингизни давлат мактабгача таълим муассасасига бермоқчи бўлсангиз яшаш жойидан маълумотнома талаб этилади. Маълумки, фуқароларимизга авваллари яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома маҳалла ёки овул фуқаролар йиғинлари томонидан берилар эди. Эндиликда ушбу маълумотномани олиш тартиби қандай? Бу ҳолатда фуқаро ушбу маълумотномани қаердан олиши мумкин?
— Тўғри айтасиз, айрим ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида албатта шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги 789-сонли қарорига мувофиқ, шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, шахснинг ишсизлиги, болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида ва шахснинг тавсифномаси каби тасдиқловчи ҳужжатлар бекор қилинди. Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳамда унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур маълумотларни тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олади, деб белгилаб берилди.
— Маълумотлар базасининг тўлиқ шаклланмаганлиги, моддий-техник томондан мавжуд нуқсонлар ёки тегишли мутасадди ташкилот ва идоралар билан ишлаш тизимида юзага келаётган муаммолар ишнинг тез ва сифатли бажарилишида қийинчиликлар туғдиради. Биз марказга мурожаат қилган айрим фуқароларимиз билан суҳбатлашганимизда ҳужжатларни расмийлаштириш муддати кечикаётганлигини айтишди. Айтингчи, бунинг сабаблари нимада? Демоқчимизки, фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматлари турларига қараб муддат белгиланганми?
— Давлат хизматлари марказларида жорий қилинган давлат хизматларининг барчаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниб, кўрсатиладиган давлат хизматларнинг барчасига муддат белгилаб берилган. Маълумки, 2019 йил 21 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси 2019 йил 1 майга қадар давом этиши белгиланди. Шу боис,ҳозирги кунда марказга фуқароларимиз айнан мазкур масала юзасидан кўплаб мурожаат қилмоқда.
Аслида ушбу ишлар ижроси 12 иш кунида бажарилиши керак. Аммо, ҳужжатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиш жараёнида кечикишларга сабаб бўлмоқда.
Давлат хизматлари марказлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда иш олиб борадиган ваколатли ташкилотларнинг барчасида электрон ҳужжат айланиш тизими ишлаб чиқилган. Шу боис, хизматлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган муддатларда тез, қулай ва шаффоф тарзда кўрсатилмоқда.
— Нукус шаҳар давлат хизматлари марказига мурожаат қилган айрим фуқароларимиз ўзларига керакли бўлган маълумотларни олиш жараёнида ишчи- ходимлар савияси, малакаси талаб даражасида эмаслигини, яъни бирон бир савол билан мурожаат қилганда тўла-тўкис ёрдам, ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкони юқори даражада эмаслигини таъкидламоқда. Айтингчи, бу борада ходимлар малакасини ошириш бўйича марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Бугунги кунда Нукус шаҳар давлат хизматлари марказида 20 нафар ходим фаолият юритади. Улар ҳар бир мурожаатнинг тез ва сифатли бажарилишини қаттиқ назоратга олиб ўз ишларига нисбатан масъулият билан ёндашадилар. Давлат хизматлари турлари кўплиги боис, баъзи ҳолларда ходимларимиз томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида кичик муаммолар, камчиликлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума куни иқтисодий ўқиш соатлари ўтказилмоқда. Президентимизнинг юқорида келтириб ўтилган қарорида ҳам мазкур вазифаларга алоҳида урғу берилган. Давлат хизматлари марказида фуқароларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш мақсадида “Маслаҳат бурчаги” ташкил этилган. Яъни фуқароларимиз ўзларини қизиқтираётган саволларга ҳуқуқий маслаҳатлар олиши мумкин.
Бундан ташқари, фуқароларимиз Давлат хизматлари кўрсатиш талаблари ва тартиблари бузилганлиги ёки шу каби бошқа сабаблар билан мурожаат қилишлари учун шикоят ва аризалар қутилари ташкил этилган.
Мухтасар айтганда, “Халқ давлат идораларига эмас, балки, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида фаолият юритиш иш самарадорлигини ошириб, халқимиз дилида эртанги кунга бўлган ишончни оширмоқда.
Феруза Нуруллаева.