Мамлакатимиз аёлларининг қалбини 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами шукуҳи, Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқининг ҳаяжони тарк этмасдан туриб, жамиятимизнинг ҳар бир аёлига куч-ғайрат ва ташаббускорлик бахш этадиган яна бир қарор қабул қилинди.
Яъни, Президентимиз томонидан имзоланган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан танишар эканман, мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига, хусусан уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга ниҳоятда чуқур ёндашилаётганлигини яна бир бор ҳис қилдим. Чунки, қарорда аёлларнинг меҳнат ва пенсия соҳасидаги ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутлақо янги кафолатлар белгилаб берилган.
Дарҳақиқат, бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамасдан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритишлари учун тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд эди. Шу боисдан ҳам мазкур қарор бугунги кун учун ниҳоятда долзарбдир.
Албатта, жамиятдаги энг муҳим масалалар аввало қонунчилик орқали ҳал этилади. Шу жиҳатдан қарорда “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилаётгани, шунингдек, Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилаётгани масалага ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан кейинги икки йилнинг ўзида хотин-қизлар масаласига оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишларнинг кўлами ниҳоятда кенг эканлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Ўз навбатида, бу масаланинг бутун дунёдаги бугунги ҳолати қандай эканлигига ҳар биримиз қизиқамиз, албатта.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, жаҳонда мавжуд жамиятлар аҳолисининг ярмини, ҳаттоки ундан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади, аммо инсон фаолиятининг ва жамиятнинг кўпгина мураккаб соҳалари, яъни билим, ихтисос, малака, кўникмалар талаб қилинадиган соҳаларида уларнинг иштироки ниҳоятда кам. Шунингдек, ҳозирги кунда дунёдаги ўта камбағал одамларнинг деярли 60 фоизини, саводсиз аҳолининг учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади. Мактабга жалб қилинмаган болаларнинг ҳам учдан икки қисми қизлардир. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра эса бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан.
Бу мисолларни нимага келтираяпман? Чунки, қиёсий таҳлилгина бугунги ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради.
Президентимиз томонидан имзоланган мазкур қарорга ана шундай таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак, айтиш мумкинки, унда хотин-қизлар ҳаёти билан боғлиқ, ҳали дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳал этилмаган бир қатор жиддий муаммоларнинг аниқ ечими ўз аксини топган.
Яъни қарорга кўра, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади, тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади.
Шунингдек, бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили, икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
Яна бир муҳим янгилик, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиш учун уларга кўмаклашиш мақсадида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилишидир. Шунингдек, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳар йили аёлларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бу маблағ уларга имтиёзли кредит сифатида берилади. Мазкур маблағларнинг камида 50 фоизи қишлоқ жойларда яшаётган хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилади.
Бундай имконият албатта ҳар бир аёлда меҳнатга, ўз тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ уйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор нафақат мамлакатимизда хотин-қизлар масаласида олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий давоми, балки йиллар давомида йиғилиб келаётган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқариш борасидаги муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Назира Матяқубова,
“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири.