Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида амалга оширилган ишлар якуни ҳамда келгуси уч ойда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Шимолий-ғарбий ҳарбий округи, Миллий гвардия, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, Кегейли, Қўнғирот, Мўйноқ ва Амударё туманларидаги 4 сектор раҳбарлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқариб борди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Махмудов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бабажанов сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган ойларида бажарилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, шу йилнинг 10 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ўтган йили йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилган эди. Шунингдек, “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг ижроси назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида махсус штаб тузилиб, Шимолий-ғарбий ҳарбий округида 94 соатлик ўқув курси ташкил этилди. Уни бугунги кунга қадар 300 нафарга яқин ички ишлар идоралари ходимлари муваффақиятли тугатиб, ўз касбий тайёргарлигини оширди.
Белгиланган режага мувофиқ, республикамиз ҳудудидаги 411 ўзини-ўзи бошқариш органлари, 706 та ўқув муассасасидаги 18,7 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар иштирокида маънавий-маърифий, ҳуқуқий, ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозимига номзодлар рўйхати шакллантирилмоқда. Жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Ҳуқуқбузарликка қарши кураш бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги яқиндан ёрдам бермоқда.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Р.Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари А.Икрамов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг биринчи ўринбосари Т.Нурметов, Миллий гвардия гуруҳ командири М.Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимовалар сўзга чиқди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.