Жорий йил 12 март куни Тахиатош туманида республикамиз бўйича 54 та кам таъминланган оилаларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида қурилган янги уйларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг маслаҳатчиси, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверия» газеталарининг бош муҳаррири Х.Эрматов, Ўзбекистон темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмалари республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида тўхтаб ўтдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу йўналишда манзилли дастур ишлаб чиқилиб, бизнинг республикамизнинг ўзидан 112 оилани янги уйлар билан таъминлаш, 560 оиланинг хонадонларини таъмирлаш, 192 оилага тиббий хизмат кўрсатиш, 3444 хонадонни электр хўжалик буюмлари билан таъминлаш назарда тутилган. Ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 18 миллиард 204 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Шундан шу кунгача 63 оила янги уйлар билан таъминланган бўлса, Тўрткўл, Қораўзак, Кегейли туманларининг ҳар бирида 5 тадан Нукус, Хўжайли, Элликқалъа туманларида биттадан уйлар қурилмоқда. Бундан ташқари, 560 оиладан 504 тасининг тураржойи таъмирлаб берилди. Қолганларида ишлар давом қилмоқда. Бу ишлар учун 5 миллиард 241,7 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, 188 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган бўлса, 3444 нафар фуқаро электр хўжалик буюмлари билан таъминланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги қарори асосида 487 оилага 3 миллиард 93,3 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.
Янги уй эгаларидан Тахиатош туманидан Жумабай Қалилаев, Нукус туманидан Лизахан Жийенбаева, Амударё туманидан Умида Матниязова, Қўнғирот туманидан Малика Артиқбаевалар сўзга чиқиб, кам таъминланган оилаларга, ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатаётган ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
Шундан сўнг 54 та кам таъминланган оилага янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир иштирокчилари янги уйларда яратилган шароитлар билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.