Мана ўлкамизда кўклам нафаси. Яшариш ва янгиланиш айёми бўлган — Наврўз байрами юртимизнинг ҳар бир гўшасида кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда. Айниқса, бободеҳқон она ерга барака уруғини сочиб, кўнгилларга яхшилик ва меҳр-муҳаббат улашмоқда. Мана шундай дамларда юртимизнинг барча маҳалла-ю қишлоқларида бунёдкорлик ишлари авж олиб, одамларимизнинг турмуш фаровонлиги ортмоқда.
Хусусан, кунлар исиши билан “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар айни авжига чиқди. Жумладан, шу кунларда Дастур доирасида юртимиз қишлоқларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши қишлоқларимиз қиёфасини замонавийлаштириб, аҳоли турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юбормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ”дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Кегейли туманида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
— Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган ишлар баҳорнинг шундай шукуҳли кунларида яққол кўзга ташланмоқда, — дейди Кегейли тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси Бахт Қадиров. — Айниқса, аҳолининг кундалик эҳтиёжи бўлган ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари тизимидаги қатор муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилгани аҳолининг байрам шодиёналарини янада кўтаринкилик билан ўтказишларига хизмат қилмоқда.
Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастурига туманнинг “Гужим терек”, “Алтин тала” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда “Жузим бағ” овул фуқаролар йиғини ҳудудлари киритилган. Бундан ташқари қўшимча объектларда ҳам қурилиш ободонлаштириш ишлари олиб борилиши белгиланган.
Шу ўринда рақамларга эътибор қаратсак, 2018 йилда туман бўйича 3 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1 та тиббиёт муассасаси биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
“Обод қишлоқ” дастурининг муҳим йўналишларидан бири таълим соҳасидир.Мамлакатимизда ёш авлод келажагига катта эътибор қаратилган. Уларнинг замонавий таълим муассасаларида таълим-тарбия олишлари учун тумандаги “Қуяшли” МФЙ ҳудудида жойлашган 7-сонли мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш, шунингдек, “Бахитли” МФЙ ҳудудида жойлашган 2 ва 19-сонли умумтаълим мактабларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
2018 йилги Дастур доирасида туман бўйича 34,4 километр масофадаги жами 5080,7 миллион сўмлик 43 та марказий кўчалар ва қишлоқлараро ички йўллар таъмирланиши белгиланган эди. Шундан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 11,2 км, Йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 23,2 км ички кўчалар ва аҳоли пунктлари йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, республика аҳамиятидаги йўллардан 1,5 км йўллар таъмирланиб, 2461,8 млн. сўм иш ҳажми бажарилди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида тумандаги “Бахитли” ва “Қуяшли” маҳалла фуқаролар йиғинларида 8,0 км йўллар таъмирланиб, жами 1803,8 млн. сўм иш ҳажми бажарилди.
Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида электр линияларини таъмирлаш ишлари олиб борилди. Хусусан, “Бахитли” МФЙ ҳудудида 3 дона трансформатор янгидан ўрнатилиб, 6 таси капитал таъмирланди. Шунингдек, 2990 метр изоляцияланган кабеллар янгидан тортилиб, 6500 электр тармоқларида таъмирлаш ишлари бажарилди.
Дастур доирасида Халқобод гузарида умумий баҳоси 372,0 млн сўмлик 248 дона диод ёритгич чироқлари ўрнатилди. 3500,0 метр йўлаклар таъмирланиб, 817,4 млн сўм иш ҳажми бажарилди.
Ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш, яъни сув тармоқларини тортиш бўйича жами 17,3 км масофадаги пластмасса трубалар тортилиб, 1543,42 млн сўмлик иш кўлами бажарилди.
Ҳа, бугун ким билан суҳбатлашманг, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлардан руҳланиб, меҳнат завқини туймоқда. Буни Наврўз кунларидаги тантаналар, сайиллар, куй-рақслар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Буларнинг барчаси халқимизнинг ўз ҳаётидан рози эканлигининг ифодасидир.