Мўйноқда кўклам шукуҳи


Халқимизнинг асрий орзу-умидлари, мақсад ва интилишларини ўзида мужассам этган қадимий ва навқирон байрам — Наврўзи олам кириб келди.

Мана шундай шукуҳли дамларда республикамизнинг барча шаҳару-туманлари, энг чекка қишлоқлар ҳам ўзгача қиёфа касб этиб, атроф гўзалликка, эзгуликка бурканмоқда. Айниқса, Мўйноқ туманида бу йилги Наврўз байрамининг ҳар йилгидан ўзгача юқори кайфиятда ўтказилишида олам-олам маъно бор.

Президентимиз томонидан Оролбўйи ҳудудини, айниқса, Мўйноқ туманини  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда туманда туризмни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, мана шундай эътибор ва ғамхўрликлар ўз самарасини бериб,  Мўйноқ тумани кундан-кунга чирой очиб, ҳақиқий бунёдкорлик майдонига айланди. Айниқса, бандлиги таъминланиб ҳаёти фаровон бўлиб бораётган туман аҳолисининг қувончи чексиз.

— Бугун Мўйноқ туманига келган борки, бу ердаги ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўриб ҳаяжони ортади, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Мўйноқ тумани назорат инспекцияси бошлиғи в.в.б Т.Жийемуратов. — Бу борада  Президентимизнинг 2019 йилда Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур Дастурга мувофиқ, соҳалар ривожи учун жами 2,0 триллион сўм миқдорида инвестиция киритилиши белгиланди.

Маълумки, Мўйноқ деганда барчамиз аввало Орол денгизини тасаввур қиламиз. Яратганнинг Мўйноқ халқига, қолаверса, бутун инсониятга кўрсатган буюк мўъжизаси ҳамда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган  хайрли ишлар ўз самарасини бермоқда.

Орол денгизининг қуриган тубида пайдо бўлган қумларнинг кўчиши ва тузли чанг-тўзонларнинг учиб тарқалишини пасайтириш ҳамда ҳудудда экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 500 минг гектар “яшил майдон”- ўрмонзорларни ташкил этиш белгиланган.

Айни дамда Орол денгизи ҳудудида ишлар қизғин тус олмоқда. Хусусан. “Орол ҳудудини обод қилайлик” лойиҳаси доирасида Орол денгизининг қуриган ҳудудида саксовул экиш ишларига нафақат республикамиз, балки, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан  ҳашарчилар жалб қилинди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда жами 411 минг гектардан ортиқ ерга 1 миллион 457 минг 525 килограмм саксовул уруғлари экилиб, кўчатлар ўтқазилди. Эътиборлиси, мана шундай қизғин иш жараёни туман аҳолисининг ҳам меҳнатга бўлган иштиёқини ошириб, оилалари учун даромад манбаи бўлмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Орол денгизи ҳудудида олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда денгиз тубидан сув чиқиши натижасида қушлар қайта учиб келмоқда. «Судочье» кўлида ҳар йили айни баҳор ва куз ойларида минглаб кўчманчи қушлар, шу жумладан, “Қизил китоб”га киритилган фламинго қушининг тўдаси қўним топмоқда. Бу эса ҳудудда экотуризмнинг ривожланишида катта аҳамиятга эга.

Ҳа, бугун Мўйноқ туманида ҳар қадамда бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришлар одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари йўлида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлардир.  Яхшилик, меҳр-мурувват, хайр-саховат ва эзгулик улашувчи бу қутлуғ айём билан барча ватандошларимизни табриклаймиз.