Қутлуғ кунларда уруғ экилмоқда йилимиз баракали бўлади


Юртимизнинг барча ҳудудларида Наврўз байрами кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Айни байрам арафасида Беруний тумани миришкорлари ерга барака уруғини қадашди. Жорий йилги пахта экиш мавсумининг бошланиши муносабати билан ўтказилган кўргазмали семинарда республика раҳбарияти, тегишли вазирликларнинг масъул ходимлари ва бир гуруҳ нуронийлар ҳам иштирок қилиб, яхши ниятлар билан чигит экиш мавсумини бошлаб бердилар.

Тадбирда жорий йилги чигит экиш ишларини туманимизда асосан 1 апрелдан 10 апрелгача бажариш бўйича мутасаддилар томонидан топшириқлар берилди. Албатта, экишни қисқа даврда якунлаш осон иш эмас. Бунинг учун аҳамият қаратиш лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилиниб, экиш ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича барча зарур тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Туманимиз миришкорлари қатори “Примбетов Азамат” фермер хўжалигимиз аъзолари ҳам экиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Чигит экиладиган 119 гектар майдонда тўлиқ шўр ювиш ишлари якунланди. Бир-икки кундан кейин дала майдонларида шудгорлаш ва экиш ишларини бошлаймиз. Бунинг учун техникаларимиз ва ишчи-механизаторлар етарли. Юқори унумли “Арион” трактори  ва ерларни экишга тайёрлаб, экадиган бир неча техникаларимиз бор.

Отам Бозорбой Прембетов кўп йиллар ушбу фермер хўжалигига раҳбарлик қилди. Мен барча ишларни отамнинг маслаҳати, ака-укаларим, амакиларим билан бирга қиламан. Экиш мавсумини ҳам режалаштириб олдик. Масалан, оби-тобига келган дала майдонини Эргаш акам “Арион” техникасида шудгорласа, Сабит, Ренат укамлар шудгордан сўнг ернинг намлигини сақлаш учун ўзларига бириктирилган тракторларда тезда текислаш билан шуғулланади. Шарапат акам эса экиш агрегати ўрнатилган тракторда тайёр бўлган далаларга пешма-пеш чигит экаверади. Шу тариқа жорий экиш мавсумини белгиланган муддатларда якунлаб, бир текис ниҳол олишнинг барча чораларини кўрмоқчимиз.

Шунингдек, жорий йил  ҳосили учун 36 гектар майдонга экилган буғдой майсаларини озиқлантириш тадбирлари ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Буғдой экилган далаларни отам билан кўздан кечириб, ривожланиши суст бўлган майдонларни қўшимча суспензияси  усули орқали минерал ўғитлар билан озиқлантиришни маъқул кўрдик. Негаки, бу усул ўсимликларнинг эрта баҳорги ривожланишини тезлаштиради. Мутахассислар буғдой майсалари суспензия усулида озиқлантирилганда вегитация даври 5-7 кунга қисқариб, ҳосилдорлик 8-10 ц/га ошишини таъкидлашади. Биз ҳам азотли (карбамид) ўғитидан фойдаланган ҳолда суспензия тайёрлаб, озиқлантириш ишларини амалга оширмоқдамиз.

Ҳозирги кунга келиб эртароқ озиқлантирилган далалар ўз натижасини кўрсата бошлади. Ям-яшил тусга кирган буғдой майсалари шамолда тўлқинланиб, кўзни қувонтиради.

Фермер хўжлигимизда пахта, ғалладан ташқари сабзавот-полиз экинларни экиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Куни кеча картошка уруғини олиб келдик. Эрта индин ушбу экинларни ҳам экишни бошлаймиз.

Хуллас, жорий йилда ҳам мўл ҳосил тўплашни ният қилиб, бор куч-ғайратимизни сафарбар қилмоқдамиз. Наврўз — янги кун, деҳқонлар учун йил бошидир. Ишонамизки, мана шундай қутлуғ кунда уруғ экилмоқда, йилимиз баракали бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, ерга уруғ қадаётган миришкорларга бир уруғинг минг бўлсин — бободеҳқонлар, демоқчиман. Шунингдек, бутун халқимизни яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўз байрами билан самимий муборакбод қиламан.

Азамат Примбетов,

Беруний туманидаги “Примбетов Азамат” фермер хўжалиги

раҳбари