ЮРТИМИЗДА БАЙРАМ ШОДИЁНАЛАРИ


Нукус шаҳрида бўлиб ўтган байрам тантаналаридан репортаж

Юртимизда байрамлар кўп. Аммо, янгиланиш ва яшариш айёми бўлган Наврўзни халқимиз орзиқиб кутади. Азалдан халқимиз кун билан туннинг тенглашиши, табиатнинг уйғониши сифатида ушбу байрамни кенг нишонлаб келмоқда.

Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи олдида “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” номли театрлаштирилган бадиий, мусиқали-хореографик байрам томошаларида бу яна бир бор ўз аксини топди.

Музей атрофи миллий ўтовлар, байрамни мадҳ этувчи шиорлар билан безатилган. Байрам иштирокчилари учун миллий ҳунармандчилик намуналари, ёш рассомлар кўргазмаси ташкил этилган.

21 март. Соат 10:00. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, республикамиз ҳукуматининг аъзолари, вазирликлар ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Байрам томошалари Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг талабаси Меҳрибон Жийемуратова ижросидаги “Баҳор келди” қўшиғи билан бошланди.

Шундан кейин республикамизнинг таниқли санъат усталари, иқтидорли болалар ансамбллари аъзолари, турли миллат вакиллари ижросидаги рақс ва куй-қўшиқлари янгради.

— Жорий йилги Наврўз байрами менга алоҳида қувонч олиб келди, — дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 3- босқич талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти ­совриндори Сапура Қаипназарова.

— Президентимизнинг республикамизга, шу жумладан Мўйноқ туманига сафари давомида мен ҳам учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Орадан кўп ўтмай қўл жанги бўйича Осиё чемпиони бўлдим.

Наврўз мустақиллик йилларида миллати, тили ва динидан қатъи назар юртимизда яшаётган барча ватандошларимизнинг ардоқли ва севимли байрамига айланди.

— Улуғ кун Наврўз шодиёналарини Қорақалпоғистонда нишонлаш бахтига муяссар бўлдик, — дейди Андижон вилоятидан келган Маҳмудахон Тулашева. — Байрам барча гўшаларда катта кўтаринкилик билан нишонланмоқда.

* * *

Шу куни Наврўз байрамига бағишланган байрам томошалари пойтахтимиздаги “Истиқлол” болалар дам олиш марказида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

Бу маскандаги байрам тантаналари 10:00 да 1-сонли Есжан бахши номидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, “Наўша”, “­умша” иқтидорли болалар қўшиқ ва рақс ансамбллари, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри жамоаси ижросидаги “Она диёримга хуш келдинг, Наврўз” композицияси рақс ва қўшиқлари билан бошланди.

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри жамоаси актёрлари, “Жайхун” маданият марказининг “Сарвиноз” болалар рақс тўгараги, “Илме султон”, “Гулдаста” ашула ва рақс халқ ансамбллари иштирокчилари, “Баркамол авлод” болалар маркази, Нукус шаҳар маданият бўлими, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, “Қирқ қиз” дуторчилар халқ ансамбли хонандалари, Нукус тумани “Ақманғит тонги” фольклор ансамбли, Тўрткўл тумани “Умид” эстрада халқ ансамбллари томонидан тайёрланган концерт дас­турлари байрам иштирокчиларига намойиш этилди.

Шунингдек, тадбир доирасида шу ҳудудда жойлашган корхона-ташкилотлар, шаҳримиздаги ўрта махсус билим юртлари, мактабгача таълим муассасалари жамоалари томонидан тайёрланган миллий таомлар ва рўзғор буюмлари кўргазмалари ташкил этилди.

Кўл бўйида шаҳар спорт бўлими томонидан ёйилган гилам устида спорт мактаблари тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари бўлди. Кураш, арқон тортиш, тош кўтариш мусобақалари ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Айрим томошабинлар тош кўтариш бўйича ўз имкониятларини ҳам синаб кўришди.

Байрам иштирокчиларининг кўнгилли дам олишлари учун қулай шароитлар  яратиш мақсадида марказдаги барча ошхона, чойхона, кўнгилочар  муассасалар, атракционлар ва хиёбонлар хизмат кўрсатди.

— Мен бугунги  байрам томошаларига неварам билан келдим. Мана концерт кўриб мазмунли ҳордиқ чиқараяпмиз. Бу ерга келган одамлар учун барча қулайликлар мавжуд. Ҳозир концертдан чиқиб, неварамни атрокционларда учирмоқчиман. Ниятимиз Нав­рўздан-наврўзга омон-эсон етайлик. Юртимиздаги барча болалар бугунгидек ўйнаб-кулиб, кўнгиллари шодликларга тўлиб юрсин. Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, — дейди байрам иштирокчиси ­Света Табилдиева.

Наврўз халқ сайили билан давом этди.

* * *

Пойтахтимиздаги Ёшлар марказида ўтказилган байрам томошалари ҳам кўнгилларга илҳом, шодлик ва кўтаринки кайфият бағишлади.

Майдонча байрамга бағишланган ҳар хил лав­ҳалар, ранг-баранг гуллар, миллий нақшлар, шарлар билан безатилиб, ўзгача қиёфа касб этган. Бу ерда ўтовлар қурилиб, миллий кийимлар, буюмлар, таомлар кўргазмаси ташкил қилинди.

Концерт дастурида Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими қўшиқчилари, Ўзбекистон  ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистлар, шунинг­дек, Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби ва шаҳар болалар мусиқа ва ­санъат мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ижросидаги “Наврўз байрами”, “Баҳор”, “Наврўз сайили”, “Баҳор гуллари”, “Сумалак” қўшиқлари йиғилганларга байрам кайфиятини инъом этди.

— Халқимиз Наврўз байрамини ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда кутиб олмоқда. Мана юртимизнинг барча жабҳаларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланиб, хайр-саховат тадбирлари амалга оширилмоқда. Бугун майдончада ўтовлар қурилиб, атроф ранг-баранг гуллар билан ўралган. Кекса-ю, ёш сайилга чиқишган, барчанинг кайфияти байрамона. Оналар­имиз яхши ниятлар билан қозонларда наврўз гўжа, сумалаклар қайнатмоқда. Миллийлигимизга хос спорт ўйинлари билан байрам завқли ўтмоқда, — дейди нукуслик Қалбазар Қудайназарова. —  Наврўз юртимизга қут-барака, мўл ризқ-насиба олиб келсин. ­Она Ватанимиз тинчлиги, халқимизнинг тотувлиги абадий бўлсин.

Байрам тантаналари республикамизнинг барча туманларида давом этмоқда.

Д.Абибуллаев,

А.Жиемуратов,

Т.Сейтназарова.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбирлари.