САЙЁР ҚАБУЛЛАР ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРМОҚДА


Тахиатош туманининг «Сарайкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг фуқаролар билан сайёр қабули ўтказилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари,  туман ҳокимлиги раҳбарлари, жамоат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.

Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаёт­ган бундай қабуллар жараёнида халқимизнинг кундалик ҳаётида учраётган айрим ­муаммолар жойларда ҳал қилинишига эришилмоқда. Масалан, «Сарайкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Тиркеш Илясов ўтган йили декабрь ойида айрим сабаблар билан уйида ёнғин содир бўлганлиги туфайли сайёр қабулда тегишли ёрдам сўраб мурожаат қилди. Натижада, туман ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилиб, уйи таъмирлаб берилди. Бундан у миннатдор.

Шу ҳудудда яшовчи Ахмет Чаруаев эса, электр энергияси таъминотидаги муаммо бўйича мурожаат этди. Унинг мурожаати тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганилиб, муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилиши билдирилди.

Умуман олганда шу куни сайёр қабулда 18 нафар фуқаро асосан ишга жойлашиш, уй-жой, коммунал хизмат, мактаб ҳамда мактабгача таълим ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилишди.

Сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ­Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги  Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимовлар иштирок қилди.

* * *

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими янада такомиллаштирилиб, барча даражадаги раҳбарларнинг халқ билан юзма-юз учрашувлари, сайёр қабуллари ўтказилмоқда.

26 март куни Қонликўл тумани «Дослық» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязовнинг фуқаролар билан сайёр қабули ўтказилди.

Ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаролар асосан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, ўз тадбиркорлигини бошлаш, ишсизлик, тиббий ва коммунал хизмат кўрсатиш каби масалалар бўйича мурожаат қилди.

Қабул жараёнида 10 дан ортиқ мурожаатларнинг асосий қисми жойида ҳал қилинган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар  берилди.

— Биз яшаётган ҳудудда бир неча йиллардан буён газ муаммоси ҳал қилинмай қиш кунлари ўтин, кўмир масалалари бизни қийнаб келаётган эди, — дейди «Жа¦а қала» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Улбазар Сметова. — Тегишли идораларга мурожаат қилсак ҳам муаммо ижобий ҳал қилинмаётган эди. Бугинги сайёр қабулда мурожаатимиз тингланиб, жорий йилнинг 1 август санасигача бу масала ўз ечимини топадиган бўлди.

— Тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда қишлоқ аҳолисига янги иш ўринларини яратиш мақсадида «Наў­рыз» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан тўйхона қуриш учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам сўрадим, — дейди шу ҳудудда яшовчи Анаргул Юсупова. — Ушбу мурожаатим бугунги қабулнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Бунинг учун Президентимизга, республикамиз раҳбарларига миннатдорлик билдираман.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов иштирок этди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.