Пойтахтимиздаги “Жипек жоли” меҳмонхонасида “Сайғоқларни биргаликда асраб қоламиз!” шиори остида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, “Сайгачий” комплекс-ландшафт буюртмачисининг раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қўнғирот тумани ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги вакиллари, шунингдек, Нукус шаҳридаги таълим ва ривожланиш бўйича “Прогресс” маркази, Мўйноқ туманидаги 1-сонли мактаб, Қўнғирот туманидаги бир қатор мактабларнинг ўқитувчилари ва экология клубларининг раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда “EKOMAKTAB” экология ресурс марказининг директори Наталья Шивалдова, ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлимининг Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, биология фанлари доктори, профессор С.Мамбетуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берди.
Тадбирда “2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида сайғоқларнинг популяциясини сақлаш ва унинг табиий экотизимини тиклашга қаратилган тадбирларга кенг жамоатчилик ва ёш авлод вакилларини жалб этиш Дастури” кенг муҳокама қилиниб, ушбу дастурнинг янги таҳрири бўйича иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари тингланди.