БУГУН ЭКИЛГАН КЎЧАТЛАР ЭРТАМИЗГА КЎРК БАҒИШЛАЙДИ


Айни кунларда юртимизда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш билан бирга кўча ва хиёбонларда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 13 ­мартида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ, 2019 йил баҳор мавсумида кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича “Зарбдор – 40 кунлик” эълон қилинган эди.

“Зарбдор – 40 кунлик” доирасида амалга ошириладиган бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Жумладан, архитектура ва ландшафт-дизайн талаблари асосида шаҳар ва туманлардаги дам олиш майдонлари, марказий кўчалар, қишлоқлар, маҳаллалар ва ижтимоий объектлар атрофида экиладиган  кўчатлар бўйича аниқ ҳисоб китобларни ишлаб чиқиш, экиш учун талаб қилинадиган кўчатларни тизимли равишда етказиб бериш мақсадида бозорлар ва аҳолига қулай бўлган манзилларда кўчат сотишни ташкил қилиш назарда тутилган. Шунингдек, “Мустақилликнинг 28 йиллигига” бағишлаб ҳар бир шаҳар ва туманларда 5 гектардан 15 гектаргача майдонда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиб боғлар яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам “Зарбдор – 40 кунлик” тадбирида фаол иштирок қилаётир.

Ҳозирги кунда Бош­қарма жамоаси кўкаламзорлаштириш, суғориш, қабристонлар ҳудудларини тартибга келтириш, кўчаларга ёритгичлар ўрнатиш каби 6 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатиб, пойтахтимизни янада обод ва кўркам қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

— Ўтган куз мавсумида 14 минг 700 та дарахт кўчатлари экилган эди, — дейди Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бош агрономи Шинғис Нажимов. — Жорий баҳор мавсумида эса ­шаҳар ҳудудида 5 минг 800 туп ҳар хил турдаги дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.

Дарахт кўчатларидан ташқари 7 минг 900 квадрат метр ҳудудга газон экилиб, яшил майдонлар ташкил қилинади. Бундан ташқари 125 минг дона бир йиллик гул кўчатлари ва қўшимча равишда кўчалар бўйларига уруғдан гуллар экиш ҳам назарда ­тутилган.

Албатта, бу кўчатларни экиш билан ишимиз тугамайди. Асосий ишимиз уларни парваришлаб, ўстиришдир. Зеро, меҳнатларимиз самарасида ушбу гул ва дарахтлар шаҳримиз қиёфасига янада чирой бахш этиб, ҳамшаҳарларимиз ва ташриф буюрган меҳмонларнинг баҳри дилини ёритса, ҳавонинг мусаффолигини таъминлашга хизмат қилсагина мақсадимизга эришган бўламиз.

Зиммамизга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришда жамоанинг аҳиллиги ва меҳнатсеварлиги жуда муҳимдир. Агроном Байрам Камолов, ландшафт-дизайнери Отабек Эрназаров, бошқармадаги мутахассислардан Медет Ембергенов, бўлим раҳбари Анвар Абдуллаевлар ана шундай бир мақсад йўлида елкадош бўла оладиган жамоадошларимиз ҳисобланади.

Юқорида таъкидланганидек, манзарали дарахт кўчатларининг кўплаб турлари бошқа минтақаларда ўсадиган дарахтлар ҳисобланади. Шунинг учунми ёз фасли нисбатан қуруқ ва иссиқ бўладиган шаҳримизда экилган бу каби дарахт кўчатларининг барчаси ҳам барқ ўриб, ривожланиб кетавермас эди.

Айни кунларда Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган тадбирлар натижасида ёз жазирамасида ҳам кўчатларни сунъий ёмғир сувидан суғориш имконияти туғилади. Гап шундаки, жорий баҳор мавсумида шаҳримиздаги “Қорақалпоғистон” ва Т.Қайпбергенов кўчалари ҳамда И.Каримов гузари бўйида экилган гуллар ва дарахт кўчатларини ёмғирлатиб суғоришга мўлжалланган махсус ускуналар ўрнатилмоқда. Бошқарма ходимларининг таъкидлашича, ҳозирги кунда Т.Қайпбергенов кўчасидаги белгиланган ҳудудларга янги суғориш технологияси ўрнатиб бўлинган бошқа ҳудудларда ишлар давом қилмоқда.

Биламизки, олдинлари “Зарбдор” тадбирларида асосан дала майдонларидаги қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш бўйича вазифалар белгиланар эди. Ҳозирги эълон қилинган “Зарбдор – 40 кунлик”да аввало, ­инсонларга муносиб шароит яратишга  алоҳида  эътибор қаратилган. Тадбир доирасида аҳолининг маданий дам олиши учун туман марказларида камида 10 гектар майдонда, Нукус шаҳрида эса камида 15 гектар майдонда “Яшил хиёбонлар” ташкил қилиш белгиланган.

Биз, барча юртдошларимизни, корхона-ташкилотлар ходимлари ва кенг жамоатчиликни “Зарбдор – 40 кунлик”да фаол иштирок қилишга чақирамиз.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.