ҲАДИСЛАР ЭЗГУЛИККА ДАВАТ ЭТАДИ


Муборак ­Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан ҳурматли Президентимизнинг ­халқимизга йўллаган табригида: “Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз” дея таъкидланди.

Дарҳақиқат, ушбу муқаддас ойда амалга ошириладиган эзгу ишларимизнинг асоси ва мазмун-моҳияти ҳадисларимизда ҳам ўз ифодасини топган.

Зеро уларда умуминсоний, миллий маънавий-аҳлоқий мезонлар тарғиб этилади. Жумладан, шахсий бурч (ота-она, қариндош-уруғ, фарзанд олдидаги масъулият) ва ижтимоий бурч (мусулмон динига эътиқод, халқ, жамоатчилик олдидаги жавобгарлик ҳисси, Ватан равнақи, гуллаб яшнаши, халқ манфаати учун меҳнат қилиш) ўзаро мутаносибликда ифода этилган.

Ҳадиси шаърифда шундай марҳамат қилинади: “Шарму ҳаё ва камсуқумлик иймоннинг икки бўлагидир. Беҳаёлик ва гапдонлик мунофиқликнинг икки бўлагидир”, “Бахтли киши — фитналардан йироқ бўлган, мусибат етганда сабр қилган кишидир”.

Кўриниб турибдики, ҳадисларда маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол инсонга хос бўлган фазилатлар мужассам. Улар ёшларни маънавий-аҳлоқий тарбиялаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ҳадислар орқали жамият аъзолари диёнат, инсоф, виждон, иймонга даъват этилади.

Шунингдек, ота-онага ҳурмат, меҳр-муҳаббат ғояси алоҳида муҳим ғоя сифатида тарғиб қилиниб, мажбурий бурч тарзида таърифланади. Фарзанднинг ота-она олдидаги вазифалари, бурчи, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи каби масалалар қамрови кенгайтирилади.

Бундан ташқари, болаларга ёшликдан илм сирларини ўргатиш унинг келажакда фаровон турмуш кечиришини таъминлашининг негизи эканлиги алоҳида қайд этилади. Масалан, «Ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақш кабидир».

Маънавий-аҳлоқий тарбиянинг муҳим йўналишлари ҳисобланган сахийлик, эзгулик, самимийлик, дилкашлик каби ижобий фазилатлар таъмагирлик, очкўзлик билан мол-дунё тўплаш, миннат, мақтаниш, ғаразли мақсад қўйиш сингари салбий хусусиятларга қарама-қарши қўйилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳадислар орқали халқнинг турмуш тарзини кўтаришга бағишланган маданий-маърифий ишлар: ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ободонлаштириш, қабристонларни тозалаш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, экинзорларни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш, иншоотларни таъмирлашга даъват этилади ва маънавий-аҳлоқий ­тарбияга хизмат қилади.

Шундай экан, ҳадисларни ўрганиш, таҳлил этиш ва тарбиявий моҳиятини аниқлаш ҳамда ёшларни тарбиялашда улардан кенг фойдаланиш албатта ўзининг ижобий самарасини беради.

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази                                                                                  Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.